Президентнинг 27.07.2018 йилдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Ҳужжат иловаларсиз ЎзАда жойлаштирилган.
Фармон кучга кирган пайтда вужудга келган ва қуйидагилар ҳисобида бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди:
1) 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга;
2) давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга.
Бу – муҳим! Қарздорликларни ҳисобдан чиқариш 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда амалга оширилади.
Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширилганда жисмоний шахслар қуйидаги жавобгарликка тортилади:
- кўп миқдорга қадар (ЭКИҲнинг 500 бараваригача) даромад олинганда МЖТКнинг 176-моддасига биноан жарима солинади (ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 50 бараваригача);
- жуда кўп миқдорда (ЭКИҲнинг 500 бараваридан ортиқ) даромад олинганда ЖКнинг 188-моддасига биноан жиноий жавобгарлик (5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) юзага келади.
Параллел равишда Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслардан қатъий белгиланган солиқни ундириш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2463, 31.05.2013 йил) асосан улардан қатъий белгиланган солиқнинг йиллик миқдори ундирилади.
Самир Латипов.