Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида “BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон-Россия МЧЖ ҚК кучи билан замонавий агрологистика комплекси қурилади (23.12.2019 йилдаги 1027-сон ВМҚга қаранг).
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 10 минг тонна сиғимга эга бўлган музлаткичли камералар ва омборлар ташкил этилади ҳамда шок усулда музлатиш, қайта ишлаш, калибрлаш, саралаш, қадоқлаш ва мева-сабзавотларни қуритиш ускуналари ўрнатилади.
Барча божхона, банк, логистика, экспресс-лаборатория, фигосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматлар жойининг ўзида “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатилади. Маҳсулотларни Россияга тезкор ва тўсқинликсиз экспорт қилиш учун агрологистика комплекси ҳудудида Россельхознадзор шохобчаси очилади.
Қуриш ва ускуналарни ўрнатиш 2020-2021 йилларда амалга оширилади. 2021 йилнинг IV чорагида фойдаланишга топшириш кўзланган. Лойиҳани амалга ошириш доирасида солиқ ва божхона имтиёзлари амал қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.12.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.