Президент томонидан 29 апрель куни мамлакатимизда юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича Фармон имзоланди.
Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар очилади. У ерга Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабул, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул амалга оширилади. Шунингдек, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий таълимот соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилади.
ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этилади. Нагоя университети (Япония) ва 2020 йилда ТДЮУда Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар марказини очадиган Регенсбург университети (ГФР)унинг асосий ҳамкорлари бўлади. Факультетда машғулотлар хорижий олий таълим муассасаларининг профессор ва ўқитувчилари томонидан олиб борилади. Факультет негизида ҳуқуқ соҳасида қўшма тадқиқот, ўқув-таълим ва бошқа лойиҳаларни ташкил этиш бўйича майдон яратилади.
Юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантиришнинг янги тартиби жорий этилади. Унинг асосида – иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва мулкчиликнинг барча шаклларидаги потенциал иш берувчиларнинг юристларга бўлган эҳтиёжини таҳлил қилиш ётади.
Бундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
биринчидан, ТДЮУ магистратурасига Давлат тест маркази (ДТМ) томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилиш бошланади. Базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари жорий этилади. Қуйидагилар кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари қабул қилинади:
- базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви марказий органларида юридик йўналиш бўйича камида 5 йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимлар - тегишли давлат органининг раҳбари тавсиясига кўра;
- “юриспруденция” йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар - ўқиш қийматининг 50%ини тўлаб, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда камида 3 йил ишлаш мажбурияти билан;
- базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида 3 йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар - ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида 3 йил ишлаш мажбурияти билан;
иккинчидан, юридик техникумларда номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, кредит-модуль тизими жорий этилади. Қабул қилиш ДТМ томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул жорий этилади. Юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг қўшма таълим дастурларини ҳамда қўшма факультетларини тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирган шахсларга берилган хорижий таълим муассасаларининг дипломлари (бакалавриат, магистратура) Ўзбекистонда қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади;
учинчидан, ТДЮУ қошидаги академик лицейда тўлов-контракт, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий қилинади. Бунда ТДЮУ қабул тартиби ва параметрлари, шунингдек, ўқиш учун тўлов миқдорини мустақил белгилайди. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб эса академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари киришга ҳақли;
тўртинчидан, ТДЮУ, юридик техникумлар ва университет қошидаги академик лицейда пуллик асосда тайёрлов ва бошқа курслар, ёзги ва қишки мактаблар, шу жумладан, чет эл фуқаролари учун ташкил этилади.
Ҳужжат билан бошқа янгиликларнинг тўлиқ қатори назарда тутилган. Бошқалар қаторида ТДЮУ ректори ва ОТМга мутасадди идоранинг (Адлия вазирлиги) ваколатлари кенгайтирилди, васийлик кенгашининг таркиби янгиланди, бир қатор ўзгартиришлар университетни 2020 йилда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш ва ҳ.к. билан боғлиқ.
Олег Заманов.