Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни
таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш
чора-тадбирлари тўғрисида
Республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида:
1. Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин, унда қуйидагилар инобатга олинсин:
тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш;
хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;
барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш;
хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш.
Дастурга киритилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик масъул ижрочилар - тегишли вазирликлар, идоралар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар раҳбарларига, жойлардаги давлат ҳокимияти органларига юклатилсин.
2. 2015 йилнинг 1 июлидан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади;
молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди;
тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олади;
қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг қатъий ижро этилишида қабул қилинган нормаларни амалиётга жорий этиш устидан назоратни кучайтирсин, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузганлик учун ваколатли назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминласин;
2015 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда "Ўзбектелеком" АК Қўнғироқларга хизмат кўрсатиш ягона маркази ва Бош прокуратура "ишонч телефони" базасида давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилишига доир масалалар бўйича мурожаатларни туну кун қабул қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриш тизимини ташкил этсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
тегишли даъвони кўриб чиқиш даврида тадбиркорлик субъекти томонидан шикоят қилинганда судларга назорат қилувчи орган қарори ижросини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади;
солиқ ва божхона қонунчилиги тадбиркорлик субъектлари томонидан бузилиши билан боғлиқ ҳолатда уларнинг мол-мулклари фақат суд қарори бўйича мусодара қилинади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан эътироз қилинадиган қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари хўжалик суди қарори бўйича ундирилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаат ва ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари даъволарини кўриб чиқиш муддати, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали тезлаштиришни таъминлаш бўйича суд органлари роли ва фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида таклифлар киритсин.
5. 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига "бир дарча" (кейинги ўринларда "бир дарча" марказлари) тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига адлия органлари ходимларининг чегараланган миқдорини сақлаб қолган ҳолда, "бир дарча" марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан:
2015 йилнинг 1 июлига қадар турли идоралар ҳузуридаги "бир дарча" хизматлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилсин, "бир дарча" марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар тизимга интеграция қилинсин, таъсис ҳужжатлари ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун тақдим этиладиган бошқа ҳужжатлар, жумладан, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг намунавий шакллари ишлаб чиқилсин;
"бир дарча" марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечиктирмасдан бошланиши таъминлансин, шу муддатдан бошлаб "бир дарча" марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқлансин.
8. Белгилансинки, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишдан тушаётган давлат божининг жами суммаси туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари даромадига, 2016 йилнинг 1 январидан эса "бир дарча" марказларини молиялаштириш манбаи сифатида уларнинг даромадига ўтказилсин, келиб тушган маблағлар фақат марказлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларни рағбатлантириш мақсадларига йўналтирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этсин.
10. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
Тошкент шаҳри, 2015 йил 15 май