Карантин шароитида товарлар, ишлар ва хизматлар олди-сотдисининг одатдаги усуллари доим қулай бўлмайди, ҳатто уларни амалга ошириб бўлмаслиги ҳам мумкин. Юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ электрон шартнома тузаётганда қандай муҳим жиҳатларни ҳисобга олиш лозимлиги ҳақида гапириб берди:
Э-тижоратнинг ҳуқуқий жиҳатдан афзалликлари
Электрон ҳужжатлар ва ахборот юридик кучи бўйича «қоғоздагиларига» тенглаштирилади ва улардан битимлар тузилганлигининг далили сифатида фойдаланилиши мумкин.
Ўз ҳолича электрон тижорат – фаолият тури эмас, балки шакли, шу сабабли унинг учун алоҳида лицензия, рухсатнома ёки гувоҳнома талаб этилмайди. Бироқ лицензияланиши лозим бўлган ёки бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни талаб этадиган товарларни, ишларни ва хизматларни реализация қилиш чоғида сотувчида (ижрочида) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бўлиши керак.
Э-тижорат учун улгуржи ва чакана савдога оид умумий талаблар ҳам жуда соддалаштирилган.
Қуйидагиларга йўл қўйилади:
- юридик шахсларнинг – чакана ва улгуржи, ЯТТнинг – турғун савдо шохобчаларидан ташқарида ва фискал хотирали НКМдан фойдаланмасдан чакана савдо қилишига. Бунда виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги НКМ ва тўлов терминалларига тенглаштирилади. Ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар – товарлар ва хизматлар учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга;
- иш жойларидан ташқарида тарози ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланишга.
Қуйидагилар талаб этилмайди:
- товарлар улгуржи ва чакана сотилганда турғун савдо шохобчаси мавжудлиги ва НКМ рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотномани шартномага илова қилиш;
- нон ва нон-булка маҳсулотлари сотилганда махсус инвентардан фойдаланиш;
- картошка ва бошқа мева-сабзавот маҳсулотларини қатъий белгиланган жойга чиқариб қўйиш.
Шунингдек товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ёки бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автотранспортда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб етказиб бериш учун лицензия олиш талаб қилинмайди.
Қуйидаги товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт контрактларини расмийлаштирмасдан онлайн интернет-дўконлар орқали экспорт қилиш мумкин:
- қиймати $3 000 гача бўлган – ахборотни ТСОЯЭАТга киритмасдан ва БЮДни расмийлаштирмасдан, Почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ;
- қолган ҳолларда – тўлиқ тўлов тушгандан ва ушбу ахборот ТСОЯЭАТга киритилгандан сўнг.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.