Пойтахтнинг Чилонзор туманида «Одил судлов доирасидан чиқариш ва тикловчи чораларни қўллаш» лойиҳаси ишга туширилди, дея хабар берди ўз сайтида Бош прокуратура.
Бош прокуратура Академияси ЮНИСЕФ халқаро болалар фонди билан ҳамкорликда қонун билан зиддиятдаги вояга етмаганларни қамраб олувчи лойиҳани амалга оширмоқда.
Болаларни махсус таълим-тарбия муассасаларига жойлаш кўпинча салбий оқибатларга олиб келади. Ўтказилаётган тадбир ёрдамида бунинг олдини олиш, жиноят қайта содир этилишига йўл қўймаслик, жиноятчи «тамғасини» ўчириб ташлаш кўзланмоқда.
Лойиҳа ижобий натижа берса, синовдан ўтказилаётган тизим бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий этилади.
Тикловчи судлов ёндашувларини қўллаш назарияси доирасида ишловчи америкалик ҳуқуқшунос ва криминолог Ховард Зер ёзганидек, аниқ жиноят томонлари ушбу жараёнга жалб этилиб, етказилган зарарни биргаликда таҳлил қиладилар, вазиятни ўнглаш йўлларини излайдилар.
Фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг саъй-ҳаракати билан болалар жиноятчилигини таг-томири билан йўқотиб бўлмайди. Уларнинг, боз устига иккала ҳуқуқбузарлик субъектларининг яқинлари – қариндошлари, дўст-биродарлари, ўқитувчилари, қўшниларини ишга жалб этиш зарур.
Асосийси – бола умумқабул қилинган ахлоқ нормаларини бузаётганини кўрганда эътиборсизлик қилмаслик, лоқайд томошабин бўлиб турмаслик даркор, акс ҳолда у жиддий жиноят йўлига кириб кетиши эҳтимолдан холи эмас.