? Қизим ўқув марказида ўқиши учун банк картаси ёрдамида тўловни амалга оширишга қарор қилдим. Тўлов учун квитанция менинг, яъни боланинг онаси номига ёзилган, тўловни эса эримнинг картаси ёрдамида амалга оширишни истадим. Банк карта сақловчиси ҳозир бўлишини талаб қилган ҳолда тўловни ўтказишни рад этди. Ҳатто паспортимдаги ФҲДЁ тамғаси ҳам ёрдам бермади. Ахир бизда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бекор қилинмаганми?
2011 йилда ҳақиқатан ҳам товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиларининг банк картаси сақловчисидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқини кўзда тутадиган норма бекор қилинганди. Эътиборингизни шунга жалб қиламизки, бу товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчиларига тааллуқли.
Банкларга келсак, аксинча, шу йил март ойида Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низомга банкларга карта сақловчиларидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқини берадиган ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгартиришлар Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари билан белгиланган талабларга мувофиқ киритилган.
Бунда диққатингизни шунга қаратамизки, ҳужжатни бевосита ўзида пластик картани ушлаб турган шахс эмас, балки айнан унинг сақловчиси тақдим қилиши зарур. Ҳужжатни тақдим қилишни талаб қилиш ҳуқуқидан эса эквайер1 каби эмитент2 ҳам фойдаланиши мумкин.
Шундай қилиб, банк тўғри йўл тутган.
Елена ЕРМОХИНА,
бизнинг эксперт-юристимиз.
1 Эквайер − эквайрингни, яъни банк картаси орқали амалга оширилган операциялар бўйича товарлар (ишлар бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи) сотувчилари билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек банк картаси сақловчисига бевосита касса ёки банкомат орқали нақд пул беришни амалга оширувчи банк.
2 Эмитент −банк карталарининг эмиссиясини амалга оширувчи, ўзи эмиссия қилган банк карталарига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган, ўз номидан уларнинг сақловчилари ва эквайерлар олдида нақд пулсиз ҳисоб-китобларга оид мажбуриятларни зиммасига олган банк. Фақат банк банк карталари эмитенти бўлиши мумкин.