? Билишимча, автомобилнинг олд ойнасини қорайтириш мумкин эмас. Фаралар тусини ўзгартирса бўладими?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда фаралар тусини ўзгартирганлик учун жавобгарликни кўзда тутадиган махсус модда йўқ. Мазкур Кодекснинг 126-моддасига биноан давлат стандарти нормаларига мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш учун жазо кўзда тутилган.
Бироқ шуни қайд қиламизки, ойна ва оптиканинг тусини ўзгартириш – бу ҳар хил нарсалардир.
Бинобарин, фаралар тусини ўзгартирганлик учун жавобгарлик йўқ, деб фараз қилиш мумкин. Лекин, ЙҲХХ ходими МЖтКнинг 127-моддаси “Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш” бўйича, айнан уларни ўзгартириб ўрнатганлик учун жавобгарликка тортиши мумкин. Бундай тартибни бузганлик учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солинади.
Шуни қайд этиш лозимки, фаралар тусини ўзгартирганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи аниқ норма йўқ бўлсада, шунга қарамай ЙҲХХ нозири уларни ўзгартириб ўрнатганлик учун жавобгарликка тортиши мумкин. Шунинг учун, жазога тортилиш хатари ва атрофдагилар хавфсизлиги нуқтаи назаридан биз фаралар тусини ўзгартиришни тавсия қилмаймиз, ахир автомобиль юқори даражада хавфли восита ҳисобланади.