Президентнинг 23.02.2017 йилдаги ПҚ–2796-сон «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига биноан юридик шахслар — қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг соддалаштирилган солиққа тортиш тартибини қўллаётган мулкдорлари умумўрнатилган тартибдаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтадилар.
Бу Идоралараро комиссия (қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш ва хатловни ўтказади) томонидан инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса чиқарилгандан кейинги ойдан бошлаб рўй беради.
Худди шундай қоидани СКнинг 348-моддасига ёзиб қўйиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳага таклиф: Президентнинг 2017 йил 23 февралдаги ПҚ–2796-сон Қарорига биноан юқорида кўрсатиб ўтилган тартиб мулкдорларнинг ҳаммасига ҳам тегишли эмас. Ҳужжатнинг 6-бандида мазкур қоидадан истисно қилинадиган 5 ҳолат келтирилган. Улар айнан қуйидаги мулкдорларга нисбатан қўлланмайди:
- жами майдони 2 минг квадрат метрдан камроқни ташкил этувчи фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари;
- қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектларига рухсатнома ҳужжатларини бериш функцияси юкланган давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг айби билан инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаган мулкдорлар;
- қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини сотиб олган мулкдорларга нисбатан — сотиб олинган санадан бошлаб 12 ой мобайнида;
- қурилиши тугалланмаган объектни ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонини сотувга қўйган мулкдорларга нисбатан — сотувга қўйилган санадан бошлаб уч ой мобайнида;
- инвестиция лойиҳасини амалга ошира бошлаган мулкдорларга нисбатан — Идоралараро комиссия инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани тўғрисида хулоса берган санадан кейинги календарь чорагидан бошлаб.
Бироқ лойиҳада булар инобатга олинмаётир.
Бундан ташқари, янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишини, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинишини, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида уч ой ўтгач, амалга киритилади (СК 3-модда 5-қисми). Лойиҳа бўйича эса қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Назаримизда, манфаатдор идоралар келгусида лойиҳа устида иш олиб бориш жараёнида буни инобатга олсалар, айни муддао бўлади.
Лойиҳа муҳокама босқичида бўлиб, у ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиш ёки рад этилиши мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.