Савдо-саноат палатаси Президентнинг “Ўрта корхоналарни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди ва муҳокама учун жойлаштирди.
Лойиҳа билан тадбиркорлик субъектлари учун қуйидаги мезонларни белгилаш назарда тутилмоқда:
а) кичик тадбиркорликка:
- якка тартибдаги тадбиркорлар;
- микрофирмалар – ўртача йиллик ходимлар сони 10 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 1 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
- кичик корхона – ўртача йиллик ходимлар сони 100 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 5 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари киради;
б) ўрта корхона – йиллик ходимлар сони 250 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 15 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
в) йирик корхона – йиллик доимий ходимлар сони 250 тадан ортиқ ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 15 млрд сўмдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари киради;
г) ўртача йиллик ходимлар сони ва соф тушум миқдоридан қаътий назар давлат унитар корхоналари ҳамда устав фондида давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятлари ўрта корхоналар тоифасига кирмайди.
Ўрта бизнес корхоналари статистика ҳисоботларини фақатгина чораклик асосда тақдим этадилар.
Лойиҳа билан ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилмоқда, хусусан:
- жалб этиладиган чет эллик мутахассислар учун қилинадиган харажатларнинг бир қисмини қоплаш;
- давлат мулки ижараси учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш;
- маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш;
- фонд биржасида облигацияларни жойлаштириш орқали жалб қилинган маблағлар суммасига фойда солиғи бўйича солиқ солиш базасини камайтириш ва бошқалар.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.