“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси юзасидан изоҳлар.
- www.norma.uz
- НҲҲ лойиҳалари
- Суд соҳасида янги бошқарув тизими яратилади
Суд соҳасида янги бошқарув тизими яратилади
24.03.2017
Ушбу қонун лойиҳаси Президентнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сон Фармонининг 14-бандини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, хориж тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатдики, суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишга масъулиятли бўлган органлар мақоми кўплаб мамлакатлар (мисол учун, АҚШ, Европа давлатлари - Германия, Франция, Италия, Испания ва ҳ.к.) Конституцияларида мустаҳкамланган, шунингдек мазкур органлар фаолияти алоҳида Қонун билан ҳам тартибга солинади.
Бироқ, мамлакатимизда ҳозирги вақтга қадар Президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш сиёсатини амалга оширувчи, суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишга масъулиятли бўлган орган ҳисобланар эди. (бундан буён - Комиссия). Ушбу Комиссия ўз фаолиятини Президентнинг 2012 йил 29 декабрдаги Ф-3949-сон Фармойиши билан тасдиқланган Низом асосида амалга оширган.
Аммо шу билан бирга, Комиссия аниқ ҳуқуқий мақомга эга бўлмасдан, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириб, судьяларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисидаги ишларни қўзғатиш, судьяларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш ваколатига эга бўлмаган, бу эса Комиссия зиммасига юклатилган вазифалар ижроси самарадорлигига таъсир кўрсатган. Шунингдек, Комиссия давлат раҳбарининг суд корпусини шакллантиришдаги конституциявий ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи орган ҳисобланган ҳолда суд кадрларини жой-жойига қўйишда унинг ваколатлари чекланиб қолганди.
Айтиш жоизки, 6 боб ва 41 моддадан иборат бўлган қонун лойиҳасида белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши (бундан буён - Кенгаш) судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Бу тизим фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқлиги сифатида белгиланмокда.
Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан иборат йигирма бир нафар таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади, шулардан 13 нафар аъзо ўз фаолиятини доимий асосда олиб бориши муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, фаолиятини доимий асосда олиб борадиган 11 нафар аъзо Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Президент томонидан судьялар орасидан тасдиқланади, бу эса суд корпусини шакллантиришда судьяларнинг ролини оширади.
Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида Кенгашнинг қуйидаги асосий ваколатлари тасдиқланмокда:
- ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва судьяларини Президент билан келишган ҳолда лавозимга тайинлаш;
- ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва судьяларини уларнинг аризаларига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тақдимномасига кўра ваколатлари муддати давомида бошқа суддаги судьялик лавозимига қайта тайинлайниш;
- қонунда белгиланган ҳолатларда, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва судьяларини Президент билан келишган ҳолда лавозимидан озод қилиш;
- судьяларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Президентга илтимосномалар киритиш;
- судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш ва ҳужжатларни тегишли судьяларнинг малака ҳайъатларига юбориш;
- судьяларни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш;
- суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Олий суд Пленумига киритиш.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари,
ЎзХДП фракцияси аъзолари
Аксавли ТУМИШОВА,
Алия ЮНУСОВА
Янги сонларда ўқинг
- Барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорлар рағбатлантирилади
- Дастлабки декларациялаш–ихтиёрий иш
- Солиқ тўловчининг тақвими
- 2024 йилнинг ноябрь ойи учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий бадаллар ҳисоб-китоби услубияти
- Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (1-сонли БҲМС) «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш ва ҳисоб сиёсати»ни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи
- Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда
- Т-2 шахсий карточкаси қандай юритилади
- «Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»
- Байрам кунида ишга!
- «Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»