Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори 9 март куни қабул қилинди. Пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари 15 мартдан пенсия гувоҳномасини кўрсатган ҳолда соат 10.00 дан 16.00 гача метрода бепул юриш ҳуқуқига эга бўладилар.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Пенсионерлар метрода бепул юриш ҳуқуқига эга бўлишди
Пенсионерлар метрода бепул юриш ҳуқуқига эга бўлишди
10.03.2017
Пойтахт ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжумани доирасида бу ҳуқуқдан қандай фойдаланиш ҳақида сўз юритилди.
“Пенсия” жетонларини оддий жетонлар сотиладиган ҳар қандай кассадан олиш мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон фуқаросининг пенсия гувоҳномаси (шу жумладан саломатлигига кўра пенсияда бўлганлар) тақдим қилиниши зарур. Бошқа ҳудудлардан келган пойтахтимиз меҳмонлари ҳам имтиёздан фойдаланишлари мумкин.
Пенсионерлар учун жетонлар оддий жетонлардан фарқ қилади. Бу имтиёзли йўловчилар сонини ҳисобга олиш учун зарур. Имтиёзли жетонлар алоҳида турникетлардан ўтишда ишлатилади.
“Тошкент метрополитени” УК ҳаракатланиш хизмати бошлиғи Дилшод Матсинов таъкидлаганидек, айни вақтда метро станциялари пенсионерларни ўтказиш учун махсус турникетлар билан жиҳозланган, 15 мартда эса барча кассалар зарур миқдорда “пенсия” жетонлари билан таъминланади.
Керагида ишлатиш учун жетонларни захира қилиб олишнинг иложи йўқ, чунки пенсия гувоҳномаси тақдим қилинганда фақат битта жетон берилади. Фақат пенсионернинг ўзига бепул жетон олиш ҳуқуқи тақдим қилинади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори (2017 йил 9 мартдаги 128-сон) Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига (2017 йил 23 январдаги 31-сон) мувофиқ, шунингдек кекса авлодни қўллаб-қувватлаш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш мақсадида қабул қилинган.
Шунингдек, мазкур ҳужжат билан бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланадиган пенсионерлар сонини ҳар куни ҳисобга олиш тартиби белгиланган. Олинмай қоладиган даромадлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Саида Жонизоқова,
мухбиримиз.
Публикации по теме:
- Кўпроқ йўловчилар шаҳар транспортидан бепул фойдаланиши мумкин
- Пенсионерларнинг метрода бепул юриши ҳисобга олинади
- Бизнес ва фуқароларга давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари
- Навоий вилоятида бизнес солиқлардан 2028 йилгача озод этилди
- 1.01.2018 йилдан ногиронлар учун мослаштирилмаган транспорт харид қилиш тақиқланади
- Жамоат ишларига ҳақ тўлаш – ЖШДС ва ЯИТсиз