Президентнинг 31.03.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Унинг матни ЎзАда келтирилган.
- www.norma.uz
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- Хорижий инвестицияларни жалб этиш билан Давлат қўмитаси шуғулланади
Хорижий инвестицияларни жалб этиш билан Давлат қўмитаси шуғулланади
04.04.2017
Ҳужжат билан Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Ушбу ваколатли давлат органи ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун масъул ҳисобланади.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов раҳбарлик қиладиган Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси таркибига киради.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари ва халқаро ҳамда хорижий молия институтларидаги доимий вакиллари энди Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг буйруғига асосан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади, уларнинг лавозимлари қўмитанинг номенклатурасига киради. Савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар ўз фаолияти юзасидан янги қўмитага ҳисобот беради.
Бундан ташқари, дипломатик ваколатхонлар Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига иқтисодиётнинг таянч тармоқлари ва инфратузилмани ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳамда илғор технологияларни, устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар) ва имтиёзли кредитларни жалб этиш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида таҳлилий материаллар, ҳисоботларни, шунингдек, давлатимизнинг хорижий мамлакатлар билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир таклифларни ҳар чоракда мунтазам тақдим этиб боришлари керак.
2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида технологик ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар етказиб бериш, шунингдек, битта шартнома бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги ишлар (хизматлар)нинг бажарилиши юзасидан тендер (танлов) савдолари натижаларини мувофиқлаштириш, экспертизадан ўтказиш, келишиш ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари қуйидагиларни назарда тутган ҳолда юклатилади:
- ҳукумат томонидан ёки унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (қарз маблағлари) ҳисобидан молиялаштириладиган;
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан биргаликда молиялаштириладиган;
- устав фондида давлат улуши 50 фоиздан зиёд бўлган хўжалик субъектлари томонидан хорижий инвестициялар (кредитлар) ҳисобидан тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳалар бўйича харид қилинадиган лойиҳалар.
Бундан ташқари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзбекэкспертиза» АЖ вазифаларининг бир қисми Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ўтказилади, улар:
- чет эл компания ва ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказиш;
- битта шартнома бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларидан зиёд бўлган инвестиция лойиҳалари, жумладан, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида харид қилинадиган ускуналар, техника ва технологиялар, бутловчи буюмларнинг нарх кўрсаткичларига доир импорт шартномаларини экспертизадан ўтказиш;
- инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида тендер натижалари бўйича тузилган импорт шартномаларини буюртмачи банк кафолатини олганини тасдиқлаганидан кейин амалдаги қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтказиш.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.
Публикации по теме:
- Кимларга илгари ишлатилган асбоб-ускуналарни экспорт қилишга рухсат берилади
- Ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди
- Мева ва сабзавотларнинг давлат харидлари – ҳудудий ярмаркаларда
- Ўзстандарт экспортёрларни сифатнинг жаҳон даражасига олиб чиқади
- Ташқи савдо вазирлиги тузилмаси тасдиқланди
- Ўзбекистонда Ташқи савдо вазирлиги пайдо бўлади