Президентнинг 1.04.2017 йилдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ЎзАда эълон қилинди.
- www.norma.uz
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- Хусусий тиббиёт клиникалари 5 йилга барча солиқлардан озод этилди
Хусусий тиббиёт клиникалари 5 йилга барча солиқлардан озод этилди
04.04.2017
Ривожланишнинг умумий йўналишлари қабул қилинди
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Тиббий фаолиятнинг аҳоли ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган ва хусусий тиббиёт муассасалари учун тақиқланган айрим турлари рўйхати;
- Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий вазифа ва йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилган Хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари дастури.
Хусусий тиббиёт муассасалари учун рухсат этилган тиббий фаолияти турларини, жумладан кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, эндокринология, кардиология, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик, урология ва бошқаларни тубдан кенгайтириш кўзда тутилган, аҳоли ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган соҳалар бундан мустасно. Бунда хусусий клиникаларда ташхис қўйиш ва даволаш, айниқса, жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ ҳолларда янги юқори технологияли усулларни жорий этиш фақат тегишли тиббиёт ускуналари, юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлганда ва санитария норма ҳамда қоидаларига қатъий риоя этилгандагина рухсат этилади.
Тиббий хизматлар хусусий секторини рағбатлантирувчи чоралар тасдиқланди
Биринчидан, 2017 йил 1 майдан соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимлари йиллик ўртача чекланган сонининг 100 кишигача бўлиши белгиланди.
Иккинчидан, фойдаланилмаётган бинолар, объект ва хоналарни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида тугатилаётган муассасаларнинг давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига "ноль" қиймати бўйича сотилади, бунда янги мулкдор инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларни зиммасига олади.
Учинчидан, "Ўзмед-лизинг" ихтисослаштирилган лизинг компанияси устав капиталини кўпайтириш орқали, жумладан, хорижий инвесторлар маблағларини жалб этиш ҳисобидан тиббиёт муассасаларига замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар харид қилиш ва лизингга бериш ҳажми кенгайтирилади.
Ташкилотларга солиқ, божхона имтиёзлари тақдим этилди
Аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача қуйидаги тўловлардан озод этилади:
- барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, бунда бўшаган маблағлар хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилади;
- Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).
Бундан ташқари, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ЯСТдан озод этилади.
Бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан Хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши керак.
Хорижий мутахассисларни солиқлардан озод этишди
Хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича ЖШДС тўлашдан озод этилади. Шунингдек, ушбу даромадлардан ЯИТ тўланмайди.
Хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари ЖШДСдан озод этилади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.
Публикации по теме:
- Навоий вилоятида бизнес солиқлардан 2028 йилгача озод этилди
- Кичик саноат корхоналарида бизнесга юридик хизмат кўрсатилади
- Қайси тиббий маҳсулотга ҚҚС бўйича имтиёз татбиқ этилмайди
- Хусусий клиникалар зиммасига кам таъминланган ва яна 8 тоифадаги фуқароларни бепул даволаш юклатилади
- Кичик электротехника ишлаб чиқарувчилари 270 нафар кишигача ёллаши мумкин
- Тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчилари 2021 йилгача солиқлардан озод қилинди