Президентнинг 4.05.2017 йилдаги “2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди, деб хабар берилади ЎзА сайтида.
Ҳужжат билан 2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Унинг таркибий қисмлари ва уни ишлаб чиқишга кўмак берган сабаблар ҳақида биз мазкур қарор лойиҳаси шарҳида батафсил ёзганмиз. Ҳужжат ушбу қисмда муҳим ўзгартиришларсиз қабул қилинди, у билан бу ерда танишиш мумкин.
Тасдиқланган тартибга кўра 01.07.2017 йилдан бошлаб:
- белгиланган тартибда рухсат олинмасдан, бироқ техник талабларга риоя этган ҳолда қазилган фойдаланиш қудуқлари кейинчалик белгиланган тартибда фойдаланиш учун тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан расмийлаштирилиши лозим;
- белгиланган тартибда рухсат олинмасдан ва техник талаблар бузилган ҳолда қазилган фойдаланиш қудуқлари, тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларини муқобил сув манбаларига улашни ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тартибда тугатилади;
- юридик ва жисмоний шахсларга сув олиш учун қудуқ қазишга белгиланган тартибда гидрогеологик хулоса бериш фақат Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг гидрогеология корхоналари томонидан амалга оширилади;
- сув олиш учун қудуқ қазишга рухсатномалар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат экологик экспертизаси хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер ости сувларини ҳисобга олиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан тегишли назоратни таъминлаш учун ваколатли давлат органлари деб белгиланди.
Шу билан бирга, сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиларининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, олинаётган сув ҳажмини тегишли тарзда ҳисобга олиш, уларнинг ифлосланиши ва камайишининг олдини олиш, шунингдек, ваколатли давлат органларига ҳисобот тақдим этишга доир вазифалари рухсат берувчи талаблар ва шартларга киритилади.
Бундан ташқари, келаси йил охиригача мавжуд барча сув олиш қудуқларини ўрганиб чиқиш ҳамда қудуқларни тиклаш, консервация қилиш ёки эгаси бўлмаганларини тугатиш юзасидан тавсиялар берилиши лозим.
Шунингдек, 500 та автоматлаштирилган кузатув тизимини ўрнатиш ҳамда барча сув манбалари бўйича маълумотлар базасини тайёрлаган ҳолда ер ости сувлари мониторинги кузатув пунктларининг самарали тармоғини яратилади (2021 йил охиригача).
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.