Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2017 йилдаги 293-сон қарори билан Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида низомга тузатишлар киритилди.
Аввало, низомнинг қоидалари қуйидагиларни тугатишда қўлланмаслиги мустаҳкамланди:
- банклар ва кредит бюролари;
- давлат органлари, ННТ, шу жумладан юридик шахс ҳисобланадиган уларнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхона ва филиаллари), шунингдек халқаро ва чет эл ННТ ваколатхоналари ва филиаллари;
- суд томонидан банкрот деб эълон қилинган ташкилотлар.
Умуман олганда мазкур ҳолатда тугатиш тартиботлари тезроқ ўтказилади. Бунга айрим босқичларда муддатларни қисқартириш ва тартибга солиш ёрдам беради:
- солиқ органлари томонидан банкдан тегишли маълумотлар олингандан кейин бир ҳафта муддатда (илгари – икки ҳафта) молия-хўжалик фаолиятини охирги 6 ой мобайнида амалга оширмаётган корхоналарни (банк ҳисобварақлари бўйича уч ой мобайнида операцияларни ўтказмаган савдо, савдо-воситачи корхоналарни) аниқлаш;
- банклар томонидан корхонанинг пул маблағларини ягона миллий ва валюта ҳисобварақларида жамлаш ҳамда махсус комиссияга тугатиш ҳисобварағида қолдиқни кўрсатган ҳолда маълумот бериш – тегишли топшириқ олингандан кейин бир ҳафта муддатда (илгари тартибга солинмаган).
- корхонанинг туман Бандликка кўмаклашиш марказлари, хизмат кўрсатувчи банклар, статистика, солиқ органлари томонидан ҳисобдан чиқарилиши – 1 иш куни мобайнида (илгари – 3 кун).
Бундан ташқари, тугатилаётган корхонани юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхатига тузатишлар, шунингдек айрим бошқа ўзгартиришлар киритилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.