Вазирлар Маҳкамасининг 19.05.2017 йилдаги 295-сон «Давлатга тегишли объектларни ва активларни хусусий мулк қилиб сотишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди.
Ҳужжат билан қуйидаги рўйхатлар тасдиқланди:
инвестиция мажбуриятлари қабул қилиш шарти билан «нул» харид қиймати бўйича танлов асосида сотиладиган давлат мулки объектлари (ҳаммаси бўлиб – 243 та);
хусусийлаштириладиган фойдаланилмаётган кўчмас давлат мулки объектлари, шунингдек давлат корхоналари ва хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги улушлар (ҳаммаси бўлиб – 96 та);
фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган, ваколатли органлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорига кўра бузиб ташланадиган давлат мулки объектлари рўйхати (ҳаммаси бўлиб – 114 та);
улардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилаётган кўчмас давлат мулки объектлари, шунингдек давлат корхоналари ва хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги улушлар рўйхати (ҳаммаси бўлиб – 215 та).
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.