Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzТри сценария для оборудования, импортированного без НДС: налоговые последствия при продаже, аренде и использовании Что изменится в Узбекистане в декабре 2024 года Какая ответственность наступает за разные виды нарушений Что должны содержать чеки продажи и возврата

Ҳаж ва Умрага онлайн рўйхатдан ўтиш мумкин

21.06.2017


Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон Қарори билан «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Қарорда қуйидагилар топширилди:

 

Соғлиқни сақлаш вазирлигига – «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига (кейинги ўринларда – зиёрат) борадиган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча босқичларини (руҳий-асаб, наркологик, тери-таносил, сил, эмлаш ва бошқаларни) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, шунингдек Тошкент шаҳрида марказлаштирилган ҳолда битта тиббиёт муассасасида бепул амалга оширишни таъминлаш;

 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига – фуқароларнинг зиёратга бориш-келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, зиёрат учун авиачипталар нархини арзонлаштириш чораларини кўриш;

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда – 2 ой муддатда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг сайтида зиёратга борадиган фуқароларнинг ягона онлайн навбат тизими шакллантирилиши ва доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаш.

 

Низомда белгиланишича, «Ҳаж» тадбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади. «Умра» тадбири эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Ўзбекистон учун «Ҳаж» сафари квотаси 7 200 кишини, «Умра» сафари квотаси эса 6 000 кишини ташкил этади. 2018 йилдан бошлаб «Умра» сафари квотаси 6 000 дан 10 000 га оширилади.

 

Зиёратга бориш учун ариза берувчи доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши лозим. Фуқароларнинг аризалари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади. Зиёратга борадиган фуқароларни рўйхатга олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари махсус журналларни юритади.

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи аризани қабул қилиб олгандан сўнг ариза берувчига тегишли маълумотнома бериши шарт.

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўзининг ҳудудидан зиёратга борадиган фуқаролар рўйхатини зиёратчиларнинг онлайн навбат тизимида рўйхатга олиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги ташкилий гуруҳларга тақдим этиб боради.

 

Рўйхат бўйича навбати келган фуқаролар Саудия Арабистонига жўнашдан камида 1 ой олдин ёзма шаклда почта орқали хабардор қилинади. Рўйхат бўйича навбати келган, бироқ зиёратга бормайдиган ёки зиёратга бориш имкони бўлмаган фуқаролардан бу ҳақда ариза олинади. Зиёратга бориш учун рўйхатда турган фуқаронинг ўз навбати келганда муайян сабабларга кўра зиёратга бориш имкони бўлмаса, у ариза билан навбатини 1 йилгача муддатга орқага суриши мумкин. Бир йилдан сўнг ҳам фуқаронинг зиёратга бориш имкони бўлмаса, унинг навбати бекор қилинади. Навбати бекор қилинган фуқаролар зиёратга бориш учун белгиланган тартибда рўйхатга қайтадан ёзилади.

 

Зиёратга маҳрами (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.) билан бориши лозим бўлган аёлларнинг навбатга ёзилган маҳрами зиёратга бора олмаган тақдирда унинг ўрнига аёлнинг бошқа маҳрами бориши мумкин.

 

Навбатда турган фуқароларнинг ўз навбатини ўзаро алмаштиришига ёки уни рўйхатда турмаган фуқароларга беришига йўл қўйилмайди.

 

Зиёратга бориш учун навбатда турган фуқароларнинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда уларнинг аввалги манзили бўйича навбати сақланиб қолинади.

 

Зиёрат билан боғлиқ барча шарт-шароитлар (зиёрат тўловлари, шартлари ва муддати) ҳақида зиёратчиларга «Ҳаж» тадбири бошланишидан камида 1 ой, «Умра» тадбири бошланишидан камида 14 кун олдин маълум қилинади.

 

Зиёратчилар рўйхатини шакллантиришда қуйидаги қўшимча шартлар инобатга олинади:

 

«Ҳаж» тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро сўнгги 5 йил мобайнида «Ҳаж» тадбирига, «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро эса сўнгги 2 йил мобайнида «Умра» ёки сўнгги 5 йил мобайнида «Ҳаж» тадбирига бормаган бўлиши;

 

зиёратга бормоқчи бўлган фуқаролар вояга етган бўлиши;

 

зиёратга 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамининг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этилганлиги.

 

Белгиланишича, зиёрат учун тўловни амалга оширган, бироқ маълум сабабларга кўра зиёратга бора олмайдиган фуқарога шахсан ўзининг аризаси ёки унинг номидан ишончномага асосан ҳаракат қилаётган шахснинг аризасига мувофиқ тўланган тўловлар тўлалигича ариза берилган пайтдан бошлаб 10 иш кунида тақдим этилган ҳисобвараққа ўтказиб берилади. Фуқаронинг вафот этиши муносабати билан зиёратга бориш учун тўланган тўловлар вафот этган фуқаро меросхўрининг аризасига асосан тақдим этилган ҳисобвараққа ўтказиб берилади.

 

Бундан ташқари, Низомда Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги ҳайъатларнинг, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги ташкилий гуруҳларнинг, шунингдек давлат органлари ва нодавлат ташкилотларининг вазифалари белгиланди.

 

Қолаверса Низомда зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, тиббий ходимлар, ошпазлар, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар билан сафаролди учрашувлар ҳамда машғулотлар ўтказиш, шунингдек зиёратни молиялаштириш масалалари баён этилди.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 13 июнда кучга кирди.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.