Президентнинг 16.08.2017 йилдаги ПҚ-3217-сон “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилади.
Ҳужжат билан 2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди, шунингдек Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг кўрсатилган даврда чет давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича халқаро шартномалар ишлаб чиқиш ва уларни имзолашга тайёрлашни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Хусусан, 1.01.2018 йилдан қатор мамлакатлардан келадиган хорижий туристлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартиботлари соддалаштирилади (ишчи гуруҳ мамлакатлар рўйхати бўйича таклифлар киритади). Бундан ташқари, алоҳида давлатлар (Малайзия, Индонезия) фуқаролари учун зиёрат туризмининг махсус дастурлари таклиф қилинади.
Урганч, Тошкент шаҳарлари ва Фарғона вилоятида Хива ва Бухоро аналогияси бўйича туризм ҳудудлари, шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида тоғ кластерлари ташкил этилади. Ташкил этилаётган туризм ҳудудлари ва тоғ туризми кластерларига чет эл инвесторларини, бутун республика бўйича эса янги меҳмонхоналар қуриш учун етакчи меҳмонхона брендлари жалб қилинади ёки мамлакатимиздаги меҳмонхона хўжаликлари улар бошқарувига берилади.
2022 йил 1 январга қадар:
- меҳмонхоналар – бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган малакали хорижлик мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан;
- меҳмонхоналарга бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинадиган малакали хорижлик мутахассислар даромадлари – жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод этилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.