Президентнинг 30.08.2017 йилдаги ПҚ–3250-сон қарори билан 2017–2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланди. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.
Дастурни амалга ошириш қуйидагиларга йўналтирилган:
- судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судлов иши сифатини ҳамда аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, сансолорлик, бюрократизм ва суд ходимлари томонидан суиистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам бериш;
- судларда ишларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши устидан самарали назорат ўрнатиш, судлов ишида муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун чоралар кўриш мақсадида судлар ишини автоматлаштириш ва уларнинг фаолияти ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш;
- одил судловни амалга ошириш ҳамда судлар қарорларининг ижросини таъминлашда судларнинг суриштирув, дастлабки тергов ва мажбурий ижро органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш;
- судларда иш юритиш самарадорлигининг ошишини, судлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган ахборот тизимлари ва ресурсларини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерактив хизматлар рўйхатини кенгайтириш ва сифатини ошириш;
- судьялар ва суд ходимларининг иш фаолиятида компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича компьютер саводхонлиги даражаси, амалий кўникмаларини ошириш;
- суд тизимида ахборот хавфсизлиги ва хавфсиз электрон ҳужжат айланишини таъминлаш.
Ҳужжат билан режалаштирилган тадбирларни молиялаштириш Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига, шунингдек техник кўмаклашиш маблағлари ва халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар грантлари, тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Дастурни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий суд ва бошқа манфаатдор ташкилотлар зиммасига юклатилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.