Президентнинг 14.09.2017 йилдаги ПҚ-3275-сон қарорига асосан Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва “Астрономия ва аэронавтика” боғи ташкил этилади. Ҳужжат давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.
Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаб-интернати очилади. У 200 ўқувчи ўрни ва 150 ўринли ўқувчилар турар жойига мўлжалланади. Мактаб-интернат жойлашадиган Астрономия институти ҳудудидаги аниқ жой бир ой муддатда белгиланади.
“Астрономия ва аэронавтика” боғи ва Планетарий ҳам Тошкент шаҳар, Астрономия кўчаси 33-уй манзилида Астрономия институти ҳудудида ташкил этилади. Бунинг учун институтнинг асосий ва тарихий бинолари, шунингдек маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган телескоплар павильонлари капитал таъмирланади.
Боғда Мудофаа вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Тошкент механика заводи” АЖ тасарруфидаги самолёт намуналари жойлаштирилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.