Президентнинг 13.09.2017 йилдаги ПҚ-3272-сон «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат давлат раҳбарининг сайтида жойлаштирилган.
Пул-кредит сиёсатининг мақсадларига эришишнинг принцип ва механизмлари ўрта муддатли истиқболда инфляциявий таргетлаш режимига қайта йўналтирилади.
Маълумот учун: инфляциявий таргетлаш – пул-кредит сиёсати режими бўлиб, нарх-наво барқарорлигига эришиш унинг пировард мақсади ҳисобланади.
Марказий банкка 1.03.2018 йилгача бўлган муддатда ўрта муддатли Пул-кредит сиёсатини ривожлантириш ва амалга ошириш концепцияси ҳамда Концепцияни 2018-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл ҳаритаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Унда инфляциявий таргетлаш режимига босқичма-босқич, хусусан:
- иқтисодий ўсиш, давлат бюджетининг мувозанатланганлиги ва иқтисодиётда нархлар даражаси барқарорлиги бўйича ҳамкорлик ва мақсадларни келишишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштириш амалиётини такомиллаштириш;
- ликвидлиликни тақдим қилиш ва жалб этиш операциялари бўйича пул-кредит сиёсатининг самарали қўлланилаётган фоиз инструментлари тўпламини кенгайтириш;
- тижорат банклари томонидан фоиз ставкаларини шакллантиришнинг, шу жумладан кредитлар бўйича бозор механизмларини кенг қўллаш;
- макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш моделларини илғор хорижий тажрибага мувофиқ такомиллаштириш;
- амалга оширилаётган пул-кредит сиёсатининг шаффофлиги ва аниқлигини ошириш, шу жумладан қўлланилаётган инструментлар ва олиб борилаётган сиёсатнинг пировард мақсадлари ҳақида хабардор қилиш мақсадида жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш йўли билан ўтиш кўзда тутилиши керак.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз