Вазирлар Маҳкамасининг 27.09.2017 йилдаги 772-сон қарори билан Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ёнғин хавфсизлиги инспекторларини, шунингдек, ёнғинларни ўчириш бўлинмаларининг сафдорлар таркиби ва хизматчиларини пул мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўрнатилишича, юксак касб маҳоратини намойиш қилаётган ва ёнғинларнинг олдини олиш ва ўчиришга салмоқли ҳисса қўшаётган ходимлар қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:
- ёнғин хавфсизлиги инспекторлари - ҳар чорак якуни бўйича бирйўла пул мукофоти билан;
- ёнғинларни ўчириш бўлинмаларининг сафдорлар таркиби ва хизматчилари - йил якунлари бўйича бирйўла пул мукофоти билан.
Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари уларнинг ишини тасдиқланган мезонларга асосан баҳолаш натижасида мукофотланади. Уларнинг касбий яроқлилиги ИИВ томонидан ишлаб чиқилган рейтинг тизими асосида баҳоланади. Бунда моддий тақдирлашнинг икки тоифаси кўзда тутилган:
- 1-тоифа – лавозим маошининг 100%и миқдорида;
- 2-тоифа – лавозим маошининг 50%и миқдорида.
Ёнгин хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқларининг билдиргилари буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади. Буйруқнинг матни тақдирлашга тавсия этилган ходимнинг бажарган ишининг асосланган баҳосини, тақдирлаш учун асосни ва унинг тоифасини ўз ичига олади.
Ҳужжат расман Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 28.09.2017 йилда кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.