Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2017 йилдаги 779-сон қарори билан 2017-2022 йилларда ер ости чучук сув захираларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига Фарғона водийси аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2017-2022 йилларда Фарғона водийси аҳолисини сув билан таъминлаш тизимини яхшилашга қаратилган ер ости чучук сув захираларини қайта баҳолаш ва оширишни таъминлаш, улардан оқилона фойдаланишнинг комплекс чора-тадбирлари. Наманган ва Фарғона вилоятларида ер ости сув захираларини қайта баҳолаш ва оширишни таъминлаш бўйича гидрогеологик ишларни ҳамда Фарғона водийси ҳудудида ер ости сувларидан фойдаланиш ва гидрогеологик тадқиқотларнинг реал ҳолатини баҳолаш бўйича ҳудудий гидрогеологик тадқиқотларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда;
- 2017-2022 йилларда Фарғона водийсида эксплуатация (жами – 501) ва кузатув (жами – 70) қудуқларини қуриш ва реконструкция қилишнинг йиғма параметрлари.
Қарор билан юқоридаги чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари аниқланди ва уларни ижро этиш бўйича ваколатли органларга керакли топшириқлар берилди. Ҳужжатни амалга ошириш учун шахсий масъулият Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раҳбарлари, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари зиммасига юкланди.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди ва 4.10.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.