Вазирлар Маҳкамасининг 27.09.2017 йилдаги 769-сон «Тиббиёт кадрларини тайёрлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Бакалавриатнинг алоҳида таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида таҳсил олган тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ (шаҳар) оилавий поликлиникаларига ишга йўллаш тартиби тўғрисидаги низом;
- тиббиёт олий таълимининг («Соғлиқни сақлаш» таълим соҳаси) бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режалари тузилмаси.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали фаолиятини босқичма-босқич тугатиш ва талабаларга филиалда таълим олаётган йўналишлар бўйича ўқишини якунлаш имконини бериш ҳақидаги таклифига розилик берилди.
Низом жорий ўқув йили битирувидан бошлаб, битирувчилар кейинчалик доимий яшаш жойида мажбурий ишлаб бериши учун қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ (шаҳар) оилавий поликлиникаларига тақсимланишини (ҚВП ва ОП) белгилайди.
Тиббиёт олий таълим муассасаларининг ҚВП ва ОПда мажбурий ишлаб бериш учун битирувчилар тақсимланадиган бакалавриат йўналишлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Битирувчининг мажбурий ишлаб бериш муддати — 3 йил (36 ой).
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида вазирликнинг масъул ходимлари, соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳудудий органлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ва тиббиёт ташкилотлари раҳбарларидан иборат Комиссия ташкил этилади.
Битирувчилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тақдим этилаган шифокор кадрларга бўлган эҳтиёж тўғрисида буюртманомалар ва мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар асосида Комиссия томонидан ҳар йили мажбурий ишлаб бериш учун тақсимланади.
Битирувчиларнинг мажбурий ишлаб беришининг аниқ муддатлари, жойи ва шартлари, шунингдек уларнинг мажбуриятлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тиббиёт олий таълим муассасаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда битирувчи ўртасида 4 нусхада тузиладиган шартномада белгиланади.
Тузилган шартнома асосида тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчилар учун йўлланмаларни республика ҳудуди ва ҚВП ёки ОПни аниқ кўрсатган ҳолда расмийлаштиради
Иш берувчи
Иш берувчи шартнома ва ишга йўлланмага мувофиқ битирувчи билан меҳнат шартномаси тузади, ишга келгани ва жойлашгани ҳақидаги битирувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатни тўлдиради. Ҳужжат кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли тиббиёт олий таълим муассасасига тақдим этиш учун 10 кун муддатда соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳудудий органига юборилади.
Бунда танлов асосида қабул қилинадиган лавозимларга мажбурий ишлаб бериш учун юборилган битирувчилар танловсиз қабул қилинади.
3 йиллик мажбурий ишлаб бериш муддатига меҳнат таътилида бўлиш муддати киради, аммо ижтимоий меҳнат таътили муддати киритилмайди.
Битирувчининг мажбурий ишлаб бериш жойида белгиланган муддат тугагандан сўнг ишни давом эттириши ҳақидаги масала меҳнат қонунчилигига мувофиқ иш берувчи ва ходим ўртасида ўзаро келишувга асосан ҳал этилади.
Битирувчи
Битирувчилар ўқишни тамомлаганидан сўнг шартномада кўрсатилган иш жойига келиши ва 3 ой ичида меҳнат фаолиятини бошлаши керак.
Мажбурий ишлаб бериш учун тақсимланган битирувчининг ишлаб бериш жойини ўзгартириши учун жиддий сабаблар юзага келса (турмуш қурса, доимий яшаш учун бошқа ҳудудга кўчиб ўтса), битирувчи мажбурий ишлаб бериш жойини ўзгартириш учун албатта тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда Комиссияга мурожаат қилиши мумкин. Комиссия 15 кун ичида битирувчининг мурожаати ва тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича битирувчи учун бошқа мажбурий ишлаб бериш жойини белгилайди.
Битирувчи мажбурий ишлаб беришдан бош тортган ҳолларда Давлат бюджетига тиббиёт олий таълим муассасаси томонидан талаба ўқишни битиргани ҳақида тегишли буйруқни чиқарган пайтда амалда бўлган ЭКИҲнинг 400 баравари миқдорида компенсация тўлайди (амалдаги миқдор бўйича – 59 910 000 сўм). Қисман ишлаб бериб кейин ишлашни рад этса, Давлат бюджетига ишлаб берилган муддатни ҳисобга олиб, мутаносиб миқдорда компенсация тўлаши керак. Ҳисоб-китоб қилишда мажбурий ишлаб бериш муддатларининг фақат тўлиқ ойлари ҳисобга олинади.
Тиббиёт олий таълим муассасаси битирувчига дипломнинг асл нусхасини у мажбурий ишлаб бериш муддатини тамомлаганидан сўнг бир ҳафта муддатда меҳнат дафтарчасидаги ёзув ва битирувчи мажбурий ишлаб берган муассасанинг ёзма тасдиғи асосида беради. Ишлаб беришдан бош тортган битирувчиларга тиббиёт олий таълим муассасаси олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асл нусхасини улар компенсацияни тўлиқ миқдорда тўлагандан сўнг беради.
Тиббиёт олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган, бироқ ўқиш даврида (талабалар сафидан чиқарилгандан сўнг қайта тикланган, ўз хоҳишига кўра бошқа тиббиёт олий таълим муассасасига кўчирилган) таълимнинг тўлов-контракт шаклига ўтказилган талабалар ҳам ўқишни тамомлагач, мажбурий ишлаб бериш учун тақсимланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 4.10.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Зумрад Ниязметова, адвокат.