Вазирлар Маҳкамасининг 7.11.2017 йилдаги 892-сон қарори билан Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Республика ва халқаро олимпиадаларни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш тартиби ҳақида бу ерда ўқинг.
Қандай мусобақалар ва спорт турлари ғолиблари имтиёзли кириш ҳуқуқини олади
Ҳужжатда «Кураш» миллий спорт тури бўйича олий таълим муассасаларига имтиёзли кириш ва пул мукофотини олиш ҳуқуқи акс эттирилган. Бу ҳақда биз аввал ёзган эдик.
Маълумот учун: мазкур турдаги имтиёз спортнинг олимпиада турлари, шахмат ва шашкаларга ҳам тааллуқли.
Унда ғолиб бўлиш олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз кириш имконини берувчи мусобақаларнинг индивидуал ва жамоа турлари рўйхатига аниқлик киритилди. Булар:
- Олимпия ва Осиё ўйинлари;
- Жаҳон ва Осиё чемпионатлари.
Халқаро танловлар ва мусобақалар ғолибларини рағбатлантириш тартиби ўзгарди
Ўқишга киришда имтиёзлар энди халқаро танловлар ва мусобақалар индивидуал ва жамоа турларида 1–3-ўринларни эгаллаган шахсларга берилади (илгари – 1–5-ўринлар).
Бунда аввалгидек танловлар ва мусобақалар жамоа турларида ғолиблик натижасига кўра жамоалар таркибидан 3 номзод олий таълим муассасасига имтиҳонсиз қабул қилинади.
Бу - муҳим! Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолибларини олий таълим муассасасига имтиёзли қабул қилиш таълим муассасаси ихтисосликлари билан олимпиада фанлари, танловлар ихтисосликлари, спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди ва 7.11.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.