Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЕсли таможенная стоимость импортируемого товара превысила последующую стоимость продажи Какой должна быть национальная сертификация бухгалтеров в Узбекистане Как учесть нематериальные активы, поступившие в качестве вклада в уставный фонд Как выплачивать премию по итогам года

Фуқаролик суд ишларини юритишдаги асосий янгиликлар

05.04.2018

 

Янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси 1 апрелдан кучга кирди. Фуқаролик суд ишларини юритиш соҳасидаги асосий ўзгартиришлар ва янгиликлар ҳақида шарҳда сўз юритамиз.

 

I. Судловга тегишлиликнинг айрим қоидалари ўзгарди

 

1) Ташкилотларга нисбатан аризалар, илгари бўлганидек уларнинг органлари жойлашган жойдаги эмас, улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади. Илгари амал қилган судловга тегишлилик қоидаси муайян вазиятларда қийинчилик туғдирар эди. Мураккаб кўп даражали ташкилий тузилмага эга компаниянинг органлари турли жойларда жойлашган бўлиши мумкин. Масалан, ижро органи (директор, директорлар кенгаши) Тошкент вилоятидаги асосий саноат ва маъмурий иншоотлар билан бирга, кузатув кенгаши эса – Тошкентда. Киритилган тузатишлар ушбу муаммони амалда бартараф этди.

 

2) Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза энди бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилади. Илгари бундай аризалар аризачининг яшаш жойидаги судга берилар эди.

 

II. Иморатнинг инвентаризация эмас, кадастр қиймати

 

Хусусий мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли иморатларга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги даъвонинг баҳоси иморатнинг бозор қийматига қараб, лекин кадастр қийматидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Илгари иморатлар қийматининг қуйи чегараси инвентаризация баҳолаш маълумотлари билан белгиланар эди.

 

Объектларнинг кадастр қиймати Давергеодезкадастр қўмитасининг ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри ҳудудий давлат корхоналари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ҳисобланади. Айни пайтда кадастр қийматини онлайн билиш мумкин (бу ерга қаранг).    

 

Иморатнинг кадастр қиймати инвентаризация қийматидан бир неча баробар кўп бўлади. Тегишинча, бундай даъво аризаларини беришда тўланадиган давлат божи суммаси ошади. 

 

Масалан, турар жойга эгалик ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъво аризаси берилмоқда. Унинг инвентаризация қиймати – 20 млн сўм, кадастр қиймати эса – 100 млн сўм. Бундай ишлар бўйича давлат божи ставкаси – даъво баҳосининг 2%и (бироқ ЭКИҲнинг 50%идан кам эмас). Шу тариқа, инвентаризация қийматига асосланган давлат божи 400 минг сўмни (20 млн сўм х 2%) ташкил этган бўларди, бироқ янги қоидаларга кўра, кадастр қийматига асосан энди у 2 млн сўмни (100 млн сўм х 2%) ташкил этади.    

 

III. Даъвони таъминлашнинг қўшимча чоралари жорий этилди

 

Суд ҳужжати ижросининг қийинлашиши ёки унинг бажариб бўлмаслиги хатари мавжуд бўлса, суд даъвони таъминлаш чорасини қўллайди. Бунда суд даъвони таъминлаш чораларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаси ёки ўз ташаббуси бўйича ҳар қандай босқичда кўриши мумкин.

 

Масалан, низо предмети автомобиль бўлса, ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар даъвогар уни сотиб, ҳадя қилиб юбора олмаслиги учун суд ишни кўриб чиқиш вақтида уни хатлаши мумкин..

 

Янги ФПКда даъвони таъминлаш чоралари сони 5 тадан 7 тагача оширилди. Унга қуйидагилар қўшилди:

 

а) низоли мол-мулк бузилиши, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбурияти юклатилиши мумкин;

б) низоли мол-мулк сақлаш учун учинчи шахсга (сақловчига) топширилиши мумкин.

 

IV. Суд буйруғини бериш учун асослар кўпайди

 

Суд буйруғини бериш – қарздордан пул маблағларини ундириш ёки кўчар мулкни талаб қилиб олишнинг соддалаштирилган таомили. Бу ерда суд муҳокамаси ўтказилмаслиги билан даъво ишини юритишдан фарқ қилади. Буйруқ беришга асослар сўзсиз ҳисобланади. Бундай асослар рўйхати чекланган бўлиб, ФПКнинг янги таҳририда улар сони кўпайган. Энди уларга қуйидагилар ҳам киради: 

 

а) ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисида талабни арз қилиш;

б) ХУМШ аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш тўғрисида талабни арз қилиш.

 

Шу тариқа, юқорида кўрсатилган суммалар энди суд буйруғи асосида сўзсиз тартибда ундирилиши мумкин.

 

V. Экспертизадан бош тортиш – далилни тан олиш ёки рад этиш учун асос

 

Тараф экспертизада иштирок этишдан бош тортган ёки экспертларга текшириш учун зарур бўлган материаллар ҳамда ҳужжатларни тақдим этмаганда, суд (қайси тараф экспертизадан бош тортаётганлигига, бу иш учун қандай аҳамиятга эга эканлигига қараб) аниқланиши учун экспертиза тайинланган фактни аниқланган ёки рад этилган деб топиши мумкин.

 

Масалан, шахснинг оталикни белгилаш бўйича экспертизада иштирок этишдан бош тортиши суднинг тегишли экспертиза хулосасисиз унинг оталигини тан олиши учун асос ҳисобланади. 

 

VI. Айрим процессуал механизмларни тартибга солувчи нормалар жорий этилди

 

1) Вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация).

 

16 ёшга тўлган вояга етмаган шахс қуйидаги ҳолларда ўзи яшаб турган жойдаги судга ўзини тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин:

  • меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса,
  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса.

 

Бунга фақат унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилар ёки ҳомий розилик бермаганда бундай ишлар суд тартибида кўриб чиқилади. Агар бундай розилик бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг қарори бўйича эмансипация қилинади.

 

2) Келишув битимини тузиш.

 

У даъво иши юритиладиган ҳар қандай иш бўйича, унинг исталган босқичида, шунингдек суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан тузилиши мумкин. Янги ФПКда келишув битимининг мазмуни, уни кўриб чиқиш таомили ва ижро этиш тартиби қандай бўлиши кераклиги белгиланган.

 

3) Чет давлат судларининг ва чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини, агар бу Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса, тан олиш ҳамда ижрога қаратиш.

 

Чет давлат фуқаролик судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларидан ташқари, жиноят ишлари бўйича чиқарилган ҳукмларининг жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга оид қисми ҳам тан олинади ҳамда ижрога қаратилади. Бундай ишларни кўриб чиқиш муддати – 1 ойдан ортиқ эмас. Ариза ҳал қилув қарори фойдасига чиқарилган низо тарафи томонидан у қонуний кучга кирган кундан эътиборан 3 йил муддат ичида берилади. Аризанинг шакли ва мазмуни, унга илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхатига доир талаблар белгиланди.

 

VII. Электрон ва видеоконференцалоқа воситалари судга ёрдамга келади

 

Фуқаролик иши энди электрон шаклда шакллантирилиши мумкин. Бунда суд ҳужжатлари – судьянинг ЭРИ билан, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг ЭРИ билан тасдиқланади. Судга ёзма ҳужжатлар тақдим этилса, улар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг улар эгаларига қайтарилади.

 

Гувоҳларнинг кўрсатувлари, тарафларнинг ва учинчи шахсларнинг тушунтиришларини олиш учун суд процесси видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин. Бу иштирокчиларнинг илтимосномаси бўйича ёки суднинг ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин. Шунингдек судда зарур техник воситалар мавжудлиги ҳам эътиборга олинади.

 

Видеоконференцалоқадан фойдаланиш харажатлари суммаси суд томонидан белгиланади ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриш натижаларига кўра ундирилади.

 

Бу – муҳим! Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

 

VIII. Суд процессини видео ва аудиога ёзиб олиш мумкин

 

Суднинг ташаббусига кўра ёки процесс иштирокчиларининг илтимосномаси билан, ишда иштирок этувчи шахсларни бу ҳақда олдиндан огоҳлантирган ҳолда, аудио- ёки видеоёзув олиб борилиши мумкин. Ёзувлар суд мажлиси баённомасига ёки алоҳида процессуал ҳаракатларни бажариш ҳақидаги баённомага қўшиб қўйилади. Суд процесси иштирокчилари видео- ва аудиоматериаллар билан танишиш, шунингдек суддан уларнинг кўчирма нусхаларини олишга рухсат сўраш ҳуқуқига эга.

 

Суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартибидаги ўзгартиришлар ҳақида кейинги шарҳларда сўз юритамиз.

 

Ленара Хикматова.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_