ҚҲТБТ порталида «Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида қайд этилишича, бугунги кунга келиб қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасида норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Булар, хусусан, «Кооперация тўғрисида», «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги Қонунлар ва бошқа ҳужжатлардир.
Бироқ кооперация масалаларини тартибга солувчи нормалар турли қонун ҳужжатларида белгиланганлиги уларни амалиётда қўллашда муайян қийинчиликлар туғдиради. Бу соҳадаги барча нормаларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатга бирлаштириш зарурати юзага келади. Шу сабабли ҳам «Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг энг муҳим принципиал янги жиҳатларини кўриб чиқамиз.
Ҳужжатда қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш тартиби, уларнинг турлари, улар фаолиятининг ҳуқуқий ва иқтисодий асослари, кооперативга аъзо бўлиш ҳамда пай бадалларини киритиш шартлари ва бошқалар белгиланган. Қишлоқ хўжалиги кооперативи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари: фермер, деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа хўжаликлари эгалари томонидан ихтиёрий равишда ташкил этилган тижорат ташкилоти шаклида бўлади.
Ташкил этишдан мақсад – кооператив аъзоларининг моддий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун биргаликда ишлаб чиқариш фаолиятини юритиш. Мажбурий шарти – уларнинг мулкий пай бадалларини бирлаштириш ва кооператив фаолиятида шахсан иштирок этиш.
Кооператив икки турда бўлиши мумкин: ишлаб чиқариш ёки истеъмол.
Ишлаб чиқариш кооперативи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга оширади. Кооператив аъзолари сони 5 тадан кам бўлмаслиги лозим. Унга юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар, шунингдек 16 ёшга тўлган, унинг фаолиятида шахсан иштирок этувчи жисмоний шахслар аъзо бўлишлари мумкин.
Истеъмол кооперативлари қуйидагиларга бўлинади: қайта ишлаш, савдо, хизмат кўрсатиш, таъминот, боғдорчилик, чорвачилик, суғурта, кредит ва б. Таркибига камида 2 та юридик ёки камида 5 та жисмоний шахс кирганда ташкил этилади. Қуйидагилар бундай кооператив аъзолари бўлиши мумкин: қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари; шахсий томорқа хўжалигини юритувчи фуқаролар; қишлоқ хўжалиги корхоналари ва (ёки) жисмоний шахслар – фермер хўжаликлари аъзолари; боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланувчи фуқаролар.
Кооперативлар ўзаро ёки қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи бошқа юридик шахслар билан биргаликда бирлашма (уюшма) ташкил этишлари мумкин.
Кооперативни ташкил этиш тартиби
Кооператив ташкил этмоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар аввал ташкилий қўмитани шакллантириб, унга қуйидаги мажбуриятларни юклашлари керак бўлади:
- пай фондини шакллантириш манбалари ва унинг миқдори кўрсатилган кооперативнинг ишлаб чиқариш-иқтисодий фаолияти лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланмасини тайёрлаш;
- устав лойиҳасини ишлаб чиқиш;
- кооперативга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш;
- унинг бошқарув органлари сайланадиган кооператив аъзолари умумий ташкилий йиғилишини ўтказиш.
Кооператив давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Кооперативнинг пай фонди ва мажбурий пай бадали миқдори аъзолар йиғилишида белгиланади. Пай бадали пул маблағлари, мол-мулк, шу жумладан ер участкаси, мулк ҳуқуқи ва ҳ.к. кўринишида бўлиши мумкин.
Кооператив ўз фаолиятини амалга ошириш учун ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилмоқда. Кооператив аъзолари иш билан таъминланишда устун ҳуқуққа эга бўладилар. Уларга иш беришнинг имкони бўлмаганда кооперативдаги аъзоликларини сақлаб қолган ҳолда бошқа жойларда вақтинча ишлашлари мумкин.
Кооператив аъзолари учун – ўзаро молиявий ёрдам
Кооператив аъзоларига пулда қарз бериш учун ўзаро молиявий ёрдам фондини ташкил этган ҳолда кредит кооперативи (истеъмол кооперативи турларидан бири) барпо этилиши мумкин. Фонд кредит кооперативининг шахсий маблағлари, аъзоларининг жалб этилган маблағлари, шунингдек кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар кредитлари ҳисобидан шакллантирилади. Фонд маблағларидан фойдаланиш тартиби кооператив устави, шунингдек аъзоларнинг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.
Кредитлар фоизли ёки фоизсиз бўлади. Фоизсиз кредитлар йиғилиш томонидан тасдиқланган низом асосида берилади. Фақат кооператив аъзолари учун, уларни бошқа бегона шахсларга ажратишни тақиқлаган ҳолда, пулда қарз бериш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Ленара Хикматова.