Вазирлар Маҳкамасининг 19.06.2018 йилдаги 458-сон қарори билан Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорлари, шунингдек архивлар ва узоқ муддат узлуксиз хизмати учун ҳар ойлик тақдирлаш пули белгиланадиган ходимлар рўйхати тасдиқланди.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
Эслатиб ўтамиз, 1.06.2018 йилдан бошлаб маданият муассасалари артистлари, маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбар, ижодий ва бошқа ходимларининг, шунингдек, архивлар бошқарув ходимлари ва мутахассисларининг меҳнат ҳақи миқдорлари ўртача 45%га оширилди.
Шу тариқа, энди кўрсатилган ходимларнинг иш ҳақи базавий лавозим маошидан, узоқ муддат узлуксиз хизмати учун ҳар ойлик тақдирлаш пулидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган устамалар ва қўшимча тўловлар асосида шакллантирилади.
Бунда базавий маошлар меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича муассаса киритилган гуруҳга, шунингдек ходимнинг лавозими ва малака тоифасига боғлиқ бўлади. Санаб ўтилган омиллардан бири ўзгарганда ёхуд Президентнинг қарори билан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари оширилганда базавий маош ўзгартирилади. Тегишли муассаса раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Кўрсатилган ходимларни моддий рағбатлантириш давлат маданият муассасалари ва архивларда бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича ташкил этиладиган махсус жамғарма маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.06.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.