Пойтахтимизда мактабгача таълим, корейс тили, шунингдек архитектура ва дизайн соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган янги олий ўқув юрти очилади.
Президент 2018 йил 2 июлдаги “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.
Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларига, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ мактабгача таълим, архитектура ва дизайн соҳасида, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида юқори малакали кадрларни тайёрлаш (2019/2020 ўқув йилидан бошлаб иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб янги мутахассисликлар очилиши мумкин);
- мактабгача таълим, архитектура ва дизайн тизимига, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларига замонавий таълим технологиялари асосида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- мавжуд муаммолар ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мактабгача таълим, архитектура ва дизайн соҳасида, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;
- республикада мактабгача таълим, архитектура ва дизайн тизимини, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларини ривожлантиришга, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, бошқа корхоналар ва ташкилотлар ўртасида мустаҳкам ўзаро ҳамкорликни ўрнатишга кўмаклашиш.
Абитуриентлар диққатига
Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга шахслар олий ўқув юрти абитуриентлари бўлиши мумкин. Кириш имтиҳонларини ўтказиш шакли, тартиби ва муддати Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Пучон университети (Корея Республикаси) томонидан белгиланади.
2018/2019 ўқув йилида Университет қуйидаги таълим йўналишлари бўйича қабулни амалга оширади:
- мактабгача таълим;
- корейс тили;
- архитектура ва дизайн.
Белгиланишича, Университетда таълим олиш Пучон университетининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ Ўзбекистон қонунчилиги талабларини инобатга олган ҳолда ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади.
Университет мутахассисларни таълимнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклларида тайёрлайди.
Талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида, шу жумладан, потенциал иш берувчилар – юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, асосан мамлакат минтақалари ёшларининг таълим олиши учун ажратиладиган ҳомийлик хайриялари ҳисобига амалга оширилади.
Университет битирувчиларига қўшимча юридик тартиб-таомилларсиз Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Пучон университетининг (Корея Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади.
Университет Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси, 2-берк кўча, 38а-уй манзилида (Чилонзор педагогика коллежининг биноси) жойлаштирилади.
Олег Гаевой.