Мажбурий мактаб дастурлари доирасида 150 та мактабнинг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитиш бошланади. Бу ЎзАда эълон қилинган Президентнинг 9.08.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқади.
Истиқболда республикадаги барча умумий ўрта таълим мактабларида шахматга ўқитишни босқичма-босқич қамраб олиш, юқори малакали мураббий кадрларни тайёрлаш, шахмат клублари ва умумий ўрта таълим мактаблари шахмат синфларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, қарор доирасида Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби Ўзбекистон шахмат федерацияси тасарруфига берилади. Энди мактаб ўз фаолиятини тўлиқ ўзини ўзи молиялаштириш шартларида амалга оширади.
Бир ой муддатда барча шахмат клублари паспортлаштиришдан ўтказилади. 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча шахмат клублари ҳамда шахматга ўқитиш ва шахматчилар тайёрлашни амалга оширувчи бошқа спорт муассасалари (кейинги ўринларда шахмат клублари деб юритилади) Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда мажбурий аккредитациядан ўтказилади.
Шахмат клублари томонидан ўзларининг фаолиятлари ҳақида ҳар чоракда Ўзбекистон шахмат федерациясига ҳисоботлар тақдим қилиш механизми жорий этилмоқда.