Фанлар академияси фармацевтика соҳаси учун янги технологиялар ва маҳсулотлар яратиш бўйича комплекс дастурни ишлаб чиқди. Лойиҳа ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.
Етарли маблағ билан таъминламаганлик ва мақсадли дастурнинг мавжуд эмаслиги фармацевтика саноати илмий-техник жиҳатдан ва экспорт салоҳияти ривожланишига тўсқинлик қилувчи асосий омил бўлаётганлиги кўрсатилди.
Турли соҳа мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари бирлаштирилса, янги дори препаратлари, доривор шакллар, генериклар субстанцияларини олиш технологиялари ва тиббиёт буюмларини яратишга комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкони юзага келади.
Қуйидагиларни тадқиқотлар ўтказишга жалб этиш режалаштирилмоқда:
- Фанлар академиясининг илмий муассасалари;
- Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий муассасалари;
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг илмий ва олий таълим муассасалари;
- Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илмий ва олий таълим муассасалари, ихтисослаштирилган марказлари.
Инновацион ривожланиш вазирлигини дастур доирасида ўтказиладиган барча тадқиқотларнинг ягона давлат буюртмачиси этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Унинг ўзи илмий ишланмаларни танлов асосида саралаб олади, шунингдек инновацион илмий асбоб-ускуналарни танлов асосида харид қилади.
Қуйидагилар дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгиланиши мумкин:
- идоравий бўйсунуви ва халқ хўжалиги соҳасидан қатъи назар, корхоналарнинг инновацион ривожланишга йўналтирадиган маблағлари;
- Дастур доирасида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажариш қисмида Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш вазирлиги ўтказадиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
- юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари белгиланган тартибда тақдим этадиган инвестициялар ва хайрия маблағлари;
- халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Лойиҳа рад этилиши, унга қўшимча киритилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Олег Гаевой.