Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига тузатишлар киритилди (22.10.2018 йилдаги ЎРҚ–503-сон Қонун).
Биринчидан, МЖТКнинг 178-моддаси 7-қисмида назарда тутилган жавобгарлик кенгайтирилмоқда. Қуйидагилар учун ҳам жарима солинади:
- истеъмолчиларни товарнинг истеъмолга оид хусусиятлари ёки сифати хусусида чалғитиш;
- товарни унга ўхшаш маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш;
- маҳсулотнинг хусусиятлари ва сифатини қасддан ўзгартириш;
- қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш.
Бир вақтнинг ўзида норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш, шунингдек уларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик учун ҳозир назарда тутилган санкция қўлланишда давом этади.
Юқорида санаб ўтилган ҳаракатлар учун жарима фуқаролардан 3 ЭКИҲдан 7 ЭКИҲгача ва мансабдор шахслардан 7 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача миқдорни ташкил этади.
Иккинчидан, МЖТКнинг 178-моддаси 7, 8 ва 9-қисмларидаги санкциялар сирасига ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиш қўшилди. Шу тариқа, жарима билан бир вақтнинг ўзида товар – алмаштириб қўйилган, қалбакилаштирилган ва яроқлилик муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган товар (дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат маиший кимё товарлари, таҳр.) мусодара қилинади. Бу кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар такроран содир этилишига ҳам тааллуқли, яъни улар ҳар гал содир этилганда товарлар мусодара қилинади.
Мазкур тоифадаги ишлар маъмурий суд томонидан кўриб чиқилади. Мусодара қилишни Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочилари амалга оширадилар. Бироқ муайян шароитда санкциялардан қутулиб қолиш мумкин.
Агар ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган, фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилмаган, сотувчи (тадбиркорлик субъекти ёки унинг ходими) ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган (масалан, товарларни пештахтадан олиб ташлаган) ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган (масалан, харидорларга пулни қайтарган) бўлса, унга нисбатан ишни юритиш бошланмайди, бошланган иш эса тугатилади (МЖТКнинг 271-моддаси 11-бандига қаранг).
Таҳририятдан: юқорида тилга олинганлар муносабати билан «назорат харидини» ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласи алоҳида долзарб тус олади. Эслатиб ўтамиз, «Ўзстандарт» агентлиги ўтган йил март ойида тегишли лойиҳани ишлаб чиққан эди. Ҳужжат ССПда муҳокама қилинганда экспертлар унга қўшимча ишлов бериш зарурлиги ҳақида фикр билдирганлар. Ҳужжат яқин орада қабул қилинишига умид билдириб қоламиз.
Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган, тузатишлар 24.01.2019 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.