Россиянинг «Атлант» МЧЖ компанияси қошида Челябинск шаҳрида «ЎзРТХБ» АЖнинг янги савдо майдончаси ўз ишини бошлади, дея хабар беради биржа матбуот хизмати.
У Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши кўмаги остида ташкил этилди, Биржа савдоларининг электрон тизимига уланиб, биржа савдолари ва «ЎзРТХБ» АЖ интернет савдоларида иштирок этиш учун хорижий мижозлардан буюртмалар қабул қилмоқда.
Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари электрон тизим орқали нафақат биржа товарлари, балки кенг турдаги бошқа маҳсулотларни ҳам эркин сотишлари ёки сотиб олишлари мумкин.
Бундай савдо қилишнинг асосий устунликлари савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлиги, шунингдек тўлов ва товарни етказиб беришнинг кафолатланганлиги ҳисобланади.
«ЎзРТХБ» АЖнинг савдо пунктлари Қозоғистон, Белоруссия ва Хитойда ҳам очилган.