У қурилиш материаллари саноати корхоналарини ихтиёрий асосда бирлаштиради, бу Президентнинг 2019 йил 20 февралдаги қарорида назарда тутилган. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси («Ўзсаноатқурилишматериаллари») зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида унинг аъзолари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш;
- қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича аъзоларга таклифлар киритиш;
- юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;
- сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош қурилиш материаллари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган буюмлар билан тўлдириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш;
- ҳудудларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболларидан, хом ашё базаси, инфратузилмалар, меҳнат ва бошқа ресурслар ҳамда бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда корхоналарни жойлаштиришга кўмаклашиш.
Уюшма раиси ва унинг ўринбосарлари Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тақдимномаси бўйича унинг таъсисчилари умумий йиғилиши қарори билан сайланади. Параллель равишда хўжалик жамиятлари устав капиталларидаги акциялари (улушлари) пакетларини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш орқали «Ўзқурилишматериаллари» АЖни тугатиш масалалари кўриб чиқилади.
2022 йил 1 январга қадар корхоналарнинг шартномалар бўйича Уюшмага тўланадиган ажратмалари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланади.
«ЎзқурилишматериалЛИТИ» МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази («ҚурилишматериаллариЛИТИ» МЧЖ ихтисослаштирилган лойиҳа илмий-тадқиқот институтининг янги номи) Уюшма таркибига кирди.
Қуйидагилар Марказнинг вазифалари этиб белгиланди:
- илғор хорижий тажриба ва республиканинг хом ашё салоҳиятини инобатга олган ҳолда янги қурилиш материаллари ва улардан фойдаланиш технологиялари ишланмаларини ташкиллаштириш;
- қурилиш материалларининг янги стандартларини фаоллаштириш ва ишлаб чиқиш, қурилиш тармоғида фойдаланиладиган қоидалар тўпламини ишлаб чиқишда қатнашиш;
- ишлаб чиқариладиган қурилиш материаллари ва буюмларнинг барча турларини сертификатлаштириш;
- ишлаб чиқаришга мўлжалланган машиналар, асбоб-ускуналар ва техник тизимлар, саноат объектлари, шунингдек, энергетика ва муҳандислик инфратузилмаси объектларининг техник аудити, энергия аудити, диагностикаси ва экспертизасини ўтказиш ва б.
Уюшма Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Тафаккур кўчаси, 68-А уй манзили бўйича (бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида) жойлаштирилади.
Константин Мосин.