Вазирлар Маҳкамасининг 25.02.2019 йилдаги 167-сон қарори билан мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича енгил конструкцияли инфратузилма объектларини қуриш учун ер участкаси ажратиш тартиби тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектлари Президентнинг 17.10.2018 йилдаги ПҚ–3978-сон қарорига мувофиқ ўзларига ажратилган ерларда ана шундай қурилишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлганлар.
Ҳужжат талаблари қишлоқ хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун ҳамда лойиҳаларни ЭИЗларда амалга оширадиган инвесторлар учун берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Енгил конструкцияли объектларга енгил материаллардан барпо этилган, чуқурлаштирилган пойдеворларга ва ер ости иншоотларига (0,5 метрдан кўп) эга бўлмаган, бузиб олиб (бартараф этиб) кўчириш имконияти мавжуд бино ва иншоотлар киради.
Бундай объектлар, шунингдек енгил конструкцияли иссиқхоналар қуришга ер участкалари фақат ушбу қурилишни амалга оширишга талабгор бўлган тадбиркорлик субъектларининг ер участкалари доирасида ҳамда ер ижараси шартномасида белгиланган муддатга ажратилади. Бунинг учун тадбиркор шахсан, почта ёки ЯИДХП орқали туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза бериши (юбориши) зарур. Аризага тадбиркорлик субъекти ва ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари илова қилинади.
Ҳокимликка келиб тушган ариза ижрочи – ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)лардаги филиалига кўриб чиқиш учун юборилади. Аризани кўриб чиқаётган ижрочи ер участкасини ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш жараёнида қуйидагиларни амалга оширади:
- объектлар қуриш учун жойлашадиган ер майдонини аниқлайди;
- ер тузиш ҳужжатлари, ер кадастрлари маълумотларини ўрганади;
- биринчи навбатда, тадбиркорга ажратилган ерлардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни аниқлайди;
- ер участкаларини танлашда боғ ва узумзорлар ҳамда бошқа дарахтзорлар бузиб ташланишига йўл қўймаслик, сув хўжалиги объектларидан, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларидан фойдаланишда ноқулайликлар яратмаслик ҳолатларини инобатга олади.
Ижрочи тайёрлаган материаллар келишиш ва хулоса бериш учун тегишли тузилмаларга берилади. Зарур хулосалар олингандан кейин ижрочи ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг далолатномасини ва туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлайди. Ҳоким ер участкаси ажратиш тўғрисида икки иш куни мобайнида қарор қабул қилади ва уни ижрочига тақдим этади. Енгил конструкцияли объектлар қуриш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Ер ажратиш бўйича материалларни тайёрлаганлик ва келишганлик учун ариза берувчидан Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2014 йилдаги 186-сон қарорига мувофиқ белгиланган миқдорда тўлов ундирилади.
Ариза берувчининг ариза беришидан тортиб то ер участкасини беришга доир ҳужжатлар пакетини олишигача бўлган бутун жараён учун 18 иш кунигача бўлган вақт сарфланади. Масаланинг ечими туман эмас, балки вилоят ҳокимлиги ваколатига кирса, бу муддат бирмунча кўпаяди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.