Президентнинг 28.03.2019 йилдаги ПФ–5696-сон Фармони ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган. Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида шу ҳақда хабар берди.
Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди, у мазкур соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Қуйидагилар Қўмита таркибига ўтказилди:
- Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг академик лицейи;
- Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти;
- Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;
- Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.
Қўмита ҳузурида иккита янги ташкилот – Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «Ўзбекчорванасл» агентлиги ташкил этилади.
Қабул қилинган ҳужжатда белгиланишича, 2020 йил 1 январдан:
- 100 бошли чорва ва 100 минг парранда бўлган хўжаликларда ветеринария врачи ва зоотехник штати жорий этилади;
- қорамолчилик йўналишидаги хўжаликлардаги ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигирлар селекция режасига асосан наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади;
- туман ҳокимлари келгуси йилга озуқа экинларини жойлаштириш режасини «Ўзбекчорванасл» агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади.