Рақамли иқтисодиёт ва «Электрон ҳукумат» тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди (18.05.2019 йилдаги ПҚ–4321-сон қарор).
«UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улуши камида 51%га оширилади ва кейинчалик «Universal Mobile Systems» МЧЖга (UMS уяли алоқа оператори, бундан кейин – оператор) устав капиталини кўпайтириш ҳисобига ўтказилади.
Операторга АКТ соҳасидаги харидларнинг техник топшириқларини фақат ЛБМА қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази билан келишган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Телекоммуникация объектларини қуриш (жойлаштириш) учун унга ер участкалари аукцион ўтказмасдан берилади. Бундан ташқари, оператор 2022 йил 1 январга қадар:
- унинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун олиб кириладиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади;
- ЛБМА билан келишилган ҳолда ҳаракатдаги уяли алоқа база станцияларини қуриш (ўрнатиш) бўйича қурилиш-монтаж ишларини параллель равишда лойиҳалаштириш билан бирга амалга ошириш, шунингдек радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни фойдаланишга қабул қилиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатномалар олиш далолатномаларини параллель равишда расмийлаштирган ҳолда ҳаракатдаги алоқа хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга;
- энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали, суммасидан қатъи назар, товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш учун шартномалар, шу жумладан импорт шартномалар тузишга ҳақли.
«Электрон ҳукумат» ва рақамли иқтисодиёт тизими доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ЛБМА, Ахборот коммуникациялари вазирлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан таъминланади.
«Электрон ҳукумат» ва рақамли иқтисодиёт тизимини ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича қарорлар буюртмачини мажбурий тарзда белгилаш, шунингдек ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлашда молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда қабул қилинади. Бунда давлат органларига «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш доирасида ўз маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш ва қуриш тақиқланади, Президентнинг қарорлари билан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
ЛБМА хорижий инвестицияларни жалб қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан инвестициялар масалалари бўйича хорижий компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказиш ва ҳамкорлик қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.