«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунга тегишли тузатишлар киритилди (23.05.2019 йилдаги ЎРҚ–542-сон Қонунга қаранг).
ИИОнинг тергов бўлинмалари суриштирувчиларига, терговчиларига ва раҳбарларига нисбатан жиноят ишларини қўзғатишнинг алоҳида тартиби белгиланди. Буни Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар амалга ошириши мумкин. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг терговчиларига, бўлинмалари раҳбарларига ва бошлиғига нисбатан эса – Бош прокурор ёки унинг ўринбосарлари.
Эслатиб ўтамиз, депутат ва сенаторлар, судьялар, шу жумладан Конституциявий суднинг судьялари, прокуратура органларининг ходимлари, МХХ ҳарбий хизматчилари, адвокатлар ва бошқаларда шунга ўхшаш (айнан ўхшаш бўлмаган) тусдаги кафолатлар мавжуд.
Қонунга бошқа тузатишлар ҳам киритилди:
- хизматга қабул қилиш мезонлари қатъийлаштирилди. Хусусан, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилганлар, шунингдек содир этган жинояти учун қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва амнистия акти қўлланилганлигидан қатъи назар муқаддам судланганлар ИИОга хизматга қабул қилинмайди (илгари судланганлик ҳолати тугалланганидан ёки судланганлиги олиб ташланганидан сўнг қабул қилишлари мумкин эди);
- хизматда бўлишнинг чекланган ёши подполковникка қадар офицерлар таркиби учун – 55 ёшгача (илгари – 50 ёшгача), аёлларга эса мавжуд унвонидан қатъи назар – 50 ёшгача (илгари – 45 ёшгача) оширилди;
- таҳририй тусдаги бошқа ўзгартишлар.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 24.05.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.