Молия вазирлиги ана шундай таклиф билан чиқди. Лойиҳа ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган.
ҚҚСга оид қисмида қуйидаги чора-тадбирлар таклиф этилмоқда.
Биринчидан, ушбу солиқни тўловчилар сонини уларни қуйидагилар жумласига киритиш ҳисобига ошириш:
- бензин, дизель ёқилғиси ва газни АЁҚШ орқали охирги истеъмолчиларга сотадиган юридик шахслар – ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар (1.08.2019 йилдан);
- товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари – товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобда туриши шарт (1.08.2019 йилдан);
- 2019 йил январдан августгача 1 млрд сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар – ҚҚСни тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегара даражасига етган ЯЕС тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚСни тўлашга ўтадилар;
- пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар – 2019 йил ҳосилидан бошлаб ҚҚСни тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2019 йилдаги пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган ва 2018 йилнинг 1 октябридан кейин ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.
ЯЕС тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтиши мумкин.
Иккинчидан, қуйидагиларга нисбатан ҚҚС бўйича имтиёзларни бекор қилиш (1.10.2019 йилдан):
- асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
- соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
- қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;
- ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисмида ҚҚС бўйича имтиёзни қўлловчи ташкилотларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚСни тўлашга рухсат берилади.
Шу тариқа, ҚҚС бўйича тўлақонли занжир ҳосил қилиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Заманов.