Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКогда можно не относить на себестоимость продукции амортизацию производственных ОС Почему налоговое ведомство так избирательно признает налоговые льготы Что делать работодателю, если работника привлекают к уголовной ответственности

Қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш учун субсидия қандай олинади

17.07.2019

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 12.07.2019 йилдаги 578-сон қарори билан қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тасдиқланди.

 

Ҳужжат қишлоқ хўжалиги техникасини янгилаш ва модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни сифатли ва арзон техника билан таъминлаш, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни молиялаштиришнинг бозор механизмларини жорий этиш мақсадида қабул қилинган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни уларга субсидиялар бериш йўли билан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шунга қаратилган.

 

Субсидиялар ажратиш шартлари

 

Моддий қўллаб-қувватлаш маблағлари кредит ва лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олиш учун тақдим этилади:

  • мулкчилик шаклларидан қатъи назар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга;
  • пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерларига;
  • механизация хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга.

 

Субсидияни ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари қуйидаги талабларга жавоб берадиган барча янги қишлоқ хўжалиги техникаси турларини харид қилиш учун олиш мумкин:

  • лизинг ёки кредит шартномаси тузилган кунда ишлаб чиқарилган муддати 1 йилдан кўп бўлмаган, кафолат муддати 1 йилдан кам бўлмаган;
  • мамлакатда бундай техника учун сервис хизмати кўрсатувчи марказларнинг мавжуд бўлиши.

 

Маблағлар Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) томонидан кредит ёки лизинг фоиз ставкасининг 10 фоиз пункти миқдорида ажратилади. Бунда фоиз ставкаси МБ қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваригача бўлган миқдорда белгиланади, кредит ёки лизинг шартномаси эса харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси турига боғлиқ ҳолда белгиланган муддатдан ошмаслиги керак:

  • ҳайдов тракторлари учун - 5-7 йил;
  • чопиқ, транспорт ва боғдорчилик тракторлари, уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкалар учун -  3-5 йил.

 

Субсидиялар:

  • қишлоқ хўжалиги техникасини шартномада кўрсатилган қийматининг 20%идан кам бўлмаган миқдорда аванс тўланганда;
  • лизинг ёки кредит шартномаси юқорида кўрсатилган ставка бўйича расмийлаштирилганда ажратилади.

 

Техника бюджет маблағлари, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобига имтиёзли шартларда харид қилинган тақдирда мазкур ҳужжат доирасида моддий қўллаб-қувватлаш назарда тутилмайди.

 

Субсидияларни расмийлаштириш тартиби

 

Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ёки лизинг шартларида харид қилишда тижорат банки ёки лизинг ташкилотига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:

  • ариза;
  • янги қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш тўғрисида тузилган шартнома;
  • суғурта полиси, кафиллик ёки бошқа таъминот турлари.

 

Аризалар 3 банк иш кунида кўриб чиқилади.  Ижобий хулоса қабул қилинганда шахс билан кредит ёки лизинг шартномаси тузилади, барча зарур ҳужжатлар эса фоиз бўйича харажатларни қоплашга маблағлар ажратиш учун Жамғармага юборилади. Ўрганиш натижаларига кўра Жамғарма субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва 1  иш куни мобайнида тижорат банки ёки лизинг ташкилотини бу ҳақда хабардор қилади ҳамда улар билан Бош битим тузади. Унга мувофиқ Жамғарма Молия вазирлигига буюртманома юборади, у 2 банк иш кунидан кечиктирмасдан зарур маблағларни Жамғарма ҳисобварағига ўтказади. Яна 2 банк куни мобайнида Жамғарма банкка ёки лизинг ташкилотига тегишли субсидияни ажратади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.07.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.