Вазирлар Маҳкамаси 12.07.2019 йилдаги “Ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 577-сон қарорни қабул қилди.
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) психологик хизмат ташкил этилади.
Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини самарали ва сифатли ташкил этиш, шу жумладан, иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари самарадорлигини ошириш;
- ўқувчиларнинг қобилияти, лаёқати, қизиқишлари ҳамда касб-ҳунарга мойилликлари асосида тўғри касб-ҳунар танлашларига кўмаклашиш;
- турли ёш даврларида ўқувчиларнинг шахсий, ақлий ва ижтимоий ривожланишини психологик жиҳатдан кузатиб бориш, таълим-тарбиядаги психологик нуқсонларни аниқлаш, уларнинг ақлий тараққиётида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий оғишларнинг олдини олиш;
- ўқувчилар таълим муассасасининг ижтимоий муҳитига мослаша олмаслиги ҳолатларини коррекциялаш, уларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш;
- педагогик жамоаларда соғлом психологик муҳитни яратиш ва қўллаб-қувватлаш, жамоа аъзоларининг ҳиссий-эмоционал ҳолатлари, шахслараро муносабатлар ва зиддиятли хатти-ҳаракатларни коррекциялаш, уларнинг психологик маданиятини юксалтириш;
- истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг индивидуал-психологик, физиологик хусусиятлари ва қизиқишларини ўрганиш, қобилиятларини намоён этишлари ва ривожлантиришлари учун шарт-шароитлар яратиш;
- ахборот-психологик хуружларнинг хавфи, Интернет жаҳон ахборот тармоғининг салбий таъсири, ёшлар тарбиясига хавф солаётган «оммавий маданият»нинг кириб келиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш;
- педагог ходимлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг психологик-педагогик билимларини оширишга кўмаклашиш, педагог ходимлар, ота-оналар ва жамоат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини таъминлаш.
Қарор билан давлат таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш жиҳатлари белгиланди ва унинг кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқланди.
Психологик хизматларнинг асосий йўналишлари:
- психологик маърифат ва ташвиқот;
- психологик-педагогик ташхис;
- психологик профилактика;
- психологик коррекция;
- психологик маслаҳат;
- касб-ҳунарга йўналтириш.
Таълим муассасасида психологик хизмат муассаса раҳбарининг буйруғига мувофиқ ўқувчилар сонидан келиб чиқиб 1 - 3 та штат бирлигидан иборат таркибда ташкил этилади. Психологларга қўйиладиган малака талаблари тегишли равишда Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда белгиланади. Психологлар малакасини ошириш ҳар 3 йилда камида 1 марта амалга оширилади.
Аттестация умумий ўрта таълим муассасалари психологлари учун ҳар 5 йилда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари (академик лицейлар ва касб-ҳунар таълими муассасалари) психологлари учун ҳар 3 йилда 1 марта ўтказилади. Аттестация ҳар йили март-июнь ойларида ўтказилади. Аттестация натижаларига кўра психологлар сертификат олади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.07.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.