“Туризм тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда эълон қилинди (18.07.2019 йилдаги ЎРҚ-549-сон Қонун). У уч ой ўтгач кучга киради.
Ҳужжатда тушунча аппарати кенгайтирилди: “гид (гид-таржимон)”, “йўриқчи-йўл бошловчи”, “экскурсант”, “мустақил туризм” ва бошқа атамалар киритилди.
Туризмнинг таснифи пайдо бўлди:
- шаклига кўра – халқаро (кириш ва чиқиш) ва ички;
- турларига кўра - маданий-тарихий, зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик, ижтимоий, спорт, тиббий, ёшлар туризми, агротуризм ва бошқа турлари.
Қонунда Давлат туризм қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ва Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг (2017 йил август ойида ташкил этилган, таркибига қаранг) ваколатлари белгиланган, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТнинг соҳа тадбирларидаги иштироки баён этилган. Бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгиланган (батафсил қаранг).
Жойлаштириш воситалари, транспорт, умумий овқатланиш объектлари ва кўнгилочар, маърифий, ишбилармонлик, даволаш-соғломлаштириш, жисмоний тарбия-спорт ҳамда бошқа мақсадга мўлжалланган объектлар, туристик фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар, экскурсия хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар мажмуи, шунингдек экскурсия етакчиларининг, гидлар (гид-таржимонлар) ҳамда йўриқчи-йўл бошловчиларнинг хизматлари мажмуи туристик индустрия этиб белгиланган. Туриндустрия объектларини таснифлаш ва уларга тоифалар бериш ихтиёрий асосда Давлат туризм қўмитаси ҳузуридаги аккредитация қилинган ташкилот томонидан амалга оширилади.
Жисмоний ва юридик шахсларни туристик ресурслар ҳамда туристик индустрия объектлари тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек туристик бозорларда туристик маҳсулотларни тарғиб қилиш учун шу жумладан ДХШ асосида туристик ахборот марказлари ташкил этилиши мумкин. Уларнинг лойиҳалари ҳамда уларда реализация қилинадиган товарларнинг (ишлар ва хизматларнинг) рўйхати Давлат туризм қўмитаси билан келишилади. Эслатиб ўтамиз, туристик ахборот марказларини очиш ўрта муддатли истиқболга туризм соҳасида давлат сиёсатининг устуворликларидан бири этиб белгиланган.
Янги қонуннинг алоҳида боби туристик зоналар ва кластерларга бағишланган. Биринчиси учта турга бўлинади: эркин туристик зона (ЭИЗга тенглаштирилади; шу каби зона Чорвоқда ташкил этилган, таҳр.), кичик туристик зона (КСЗга тенглаштирилади; Сурхондарё вилояти, Урганч ва Хивада мавжуд) ва махсус туристик зона. Туристик кластер - комплекс туристик хизматлар ҳамда туристнинг ва экскурсантнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун зарур бўлган бошқа қўшимча хизматлар кўрсатувчи мустақил ташкилотлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар мажмуи.
Қуйидагилар тармоқни давлат томонидан тартибга солиш дастаклари ҳисобланади:
- туроператорлар ва турагентларни лицензиялаш (экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга лицензия талаб қилинмайди).
- туроператор хизмати, жойлаштириш воситалари, тоғ чанғиси трассалари ва пляжлар, шунингдек гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчиларни мажбурий равишда сертификатлаштириш;
- туроператорлик, турагентлик фаолиятини ва туристик индустрия объектларини стандартлаштириш.
Бундан ташқари, қонунда туристик маҳсулотни шакллантириш, тарғиб этиш ва реализация қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, соҳа субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни бирлаштириш тартиби, шунингдек туристлар ва экскурсантларнинг хавфсизлиги кафолатлари акс этган.
Қонун “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган ва 20.10.2019 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.