Андижон вилоятининг 2019-2022 йиллардаги саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тасдиқланди (ВМнинг 24.07.2019 йилдаги 622-сон қарори).
Дастурнинг устувор йўналишлари сифатида саноат ишлаб чиқариши ҳажмини 1,6 баравар ва экспорт ҳажмини 1,9 бараварга ошириш ҳамда 41 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этиш назарда тутилаётир.
Қиймати 14,7 трлн сўм бўлган ва 1,1 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилган ҳолда 553 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига вилоятда янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатлар киритилади. Хусусан, қуйидаги КСЗлари ташкил қилинади:
- кооперация усулида юқори технологик ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган КСЗ - Хонобод шаҳридаги собиқ “Сув қурилиш жиҳозлари” МЧЖга тегишли бўлган майдони 45,5 га фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида;
- пайпоқ ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган КСЗ - Қорасув шаҳридаги собиқ пайпоқ ишлаб чиқариш фабрикасининг ҳудудида;
- «Андижон» (ҳудуди – 1,9 га, бино ва иншоотлар майдони – 780 м2), «Жалақудуқ» (0,4 га, 4 000 м2) ва «Олтинкўл» (1,7 га, 3 177 м2) КСЗлари – ташқи инфратузилма объектларига уланган, фаолият кўрсатмаётган ва самарасиз ишлатилаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида.
Ваколатли вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди, ташкилий тусдаги масалалар ҳал этилди, мансабдор шахсларга тасдиқланган прогноз параметрларга эришиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.07.2019 йилдан кучга кирди.