Бу ҳақда маълумотни Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидан олиш мумкин.
Рўйхатга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 1 416 хўжалик юритувчи субъект киритилди. Ҳужжат ДСҚнинг 2019 йил 12 июлдаги 178-сонли буйруғи билан тасдиқланган, у билан бу ерда танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчи сифатида таснифлаш мезонларини аниқлаш тўғрисидаги низомнинг 4-бандига мувофиқ йирик солиқ тўловчилар тоифасига қуйидагилар киради:
а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар;
б) тижорат банклари ва уларнинг филиаллари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;
в) «Навоий КМК» ДК, «Олмалиқ КМК» АЖ ва уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
д) ўтган календарь йил якуни бўйича маҳсулотларни (товарлар, ишлар ва хизматларни) сотишдан олинган соф тушуми 100 млрд сўмдан юқори бўлган юридик шахслар.
Йирик солиқ тўловчилар тоифасини аниқлашда, «д» кичик бандида кўрсатилган мезонлар ўтган календарь йил якунлари бўйича юридик шахслар томонидан солиқ органларига тақдим этилган солиқ ва молиявий ҳисоботларининг кўрсаткичлари асосида белгиланади.