2019 йил 1 декабрдан бошлаб улар муомаласининг янги тартиби жорий этилади. 2020 йилда дорихоналар учун қўшимча лицензия талаби пайдо бўлади.
Бир ҳафта муддатда Ҳукумат кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатини тасдиқлайди. Бу препаратлар буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олиниши лозим, уларни фақат ижтимоий дорихоналар ва гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар бериши мумкин. Дорихоналар бу рўйхатдаги дори воситаларини бериш учун ёзилган рецептларни бир йил давомида сақлаши керак. Рўйхатга Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази қошида ташкил этиладиган идоралараро эксперт гуруҳи таклифлари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун янги лицензия талаби - реализация қилиш (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш жорий этилмоқда. Мазкур талабнинг мунтазам равишда (бир йил давомида 2 ва ундан ортиқ марта) бузилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади. Янги талаб қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиалларига дахл қилмайди.
Мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар тиббиёт ташкилотларига беморга рецептли дори воситаларини рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланади. 2021 йил 1 мартдан бошлаб мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар Тошкент шаҳридаги барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналари Электрон рецепт бериш тизимидан фойдаланишлари лозим. Яна бир йилдан кейин, 2022 йил 1 мартдан бошлаб уни босқичма-босқич қолган ҳудудларда жорий этадилар. Тизимни 2021 йил бошига қадар ишлаб чиқишлари ва фармацевтика маҳсулотларининг ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ахборот тизими билан интеграциялашлари керак, уни яратиш устида олиб борилаётган иш етарли эмас, натижасиз деб топилган ҳамда у тезлаштирилиши лозим.
! Текширувларнинг янги тури - шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдоси ҳолатларига барҳам бериш бўйича текширишлар жорий этилмоқда. Улар ИИВ ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан бизнес-омбудсманга хабар бериш тартибида, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилади.
Олег Заманов.