“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама этилган яна бир масала бўлди.
Қонун тўлов хизматларини етказиб берувчи ва тўлов хизматларидан фойдаланувчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тўловларни амалга ошириш ҳамда тўлов хизматлари кўрсатиш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади. Қонун крипто-активларга доир операцияларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонунга асосий тушунчалар киритилиб, тўлов тизими ва унинг иштирокчилари, операторларга таъриф берилмоқда, уларнинг функциялари, шунингдек тўлов тизимлари турлари ва уларнинг муҳимлигини аниқлаш мезонлари, уларни сақлаб туриш қоидалари очиб берилмоқда. Таваккалчиликларни бошқариш тизимига, муҳим тўлов тизимининг ишлашини ўзини ўзи баҳолашдан ўтказишга, тўлов тизимидаги тўловларнинг якунланганлигига доир нормалар белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасида ягона ахборот ва ҳуқуқий макон яратилишини, МБ томонидан тўлов хизматлари бозори самарали тартибга солинишини, тегишли тўлов тизимлари фаолиятини, улар операторлари фаолиятини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилишига кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.