Вазирлар Маҳкамасиинг 14.10.2019 йилдаги 866-сон қарори билан дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг сентябрь ойида қолипли нонни (“буханка”) бозор нархларида сотишга рухсат беришган эди. Бироқ маҳаллий ун нархларини шакллантириш ҳануз давлат назоратида қолаётганди. Бу, ўз навбатида, нон нархи ошишини тўхтатиб турган эди.
Энди бу чеклов ҳам олиб ташланди. 2019 йилнинг 15 октябридан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар биржа савдоларида ун ва дон маҳсулотларини (маҳаллий ҳамда импорт қилинган) эркин сотишлари ва сотиб олишлари мумкин. Ички бозорда нархлар сунъий равишда ошиб кетмаслиги мақсадида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ЎзРТХБ билан биргаликда зарур ҳолларда бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган ун ва доннинг максимал миқдорини (лимитини) белгилайди.
Давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинадиган ун 100% олдиндан тўловни амалга ошириш шарти билан сотилади, қолипли нон ишлаб чиқарувчилар (вилоят ҳокимликлари рўйхатларига асосан) 2019 йилнинг 1 декабрига қадар унни 30% олдиндан тўлов билан сотиб олишлари, якуний ҳисоб-китобни эса 10 кун ичида амалга оширишлари мумкин.
Бундан ташқари, 15 октябрдан бошлаб:
- “Ўздонмаҳсулот” ташкилотлари 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотади. Ғалланинг бошланғич нархи амалдаги харид нархи, тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;
- шу йил ҳосилидан тайёрланган ун ишлаб чиқаришга буғдой учун қатъий улгуржи нарх белгиланди – тоннаси учун 1,3 млн сўм. Бу ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилди. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Молия вазирлиги томонидан қопланади;
- “Ўздонмаҳсулот” ташкилотлари ўртасида ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойнинг ички айланмаси ҚҚСсиз улгуржи нархларда (1,3 млн сўм) ҳамда тайёрлаш, ташиш ва сақлаш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш учун аҳолининг айрим муҳтож тоифасига тўланаётган пул компенсациясининг миқдори оширилди. Агар илгари бу ЭКИҲнинг 10%ини ташкил этган бўлса, ҳозир 50 000 сўм миқдорида қатъий суммани белгиладилар. Бундан ташқари, компенсация олувчилар рўйхати қуйидагилар ҳисобига тўлдирилди:
- 14 ёшгача бўлган болалари учун нафақа олувчи оилалар;
- энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчилар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.10.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.