Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие работы нельзя выполнять по договору аутстаффингаКогда сдаем Отчет по труду (4-mehnat shakli) Конструктор учетной политики на 2025 год: обновлен и готов к работе!

Адлия вазирлиги кенгаши қандай апелляцияларни кўриб чиқади

16.10.2019

Читать на русском языке

 

Вазирлар Маҳкамасининг 9.10.2019 йилдаги 856-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тизимига ўтказилган (8.02.2019 йилдаги ПҚ-4168-сон қарорга қаранг) ва интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси билан боғлиқ бўлган апелляцияларни кўриб чиқувчи Адлия вазирлиги Апелляция кенгашини ташкил этиш назарда тутилган эди  (1.07.2019 йилдаги ПҚ-4380-сон қарорга қаранг).

 

Апелляция кенгаши қуйидагиларни кўриб чиқади:

биринчидан, Агентлик талабномасида кўрсатилган қуйидагиларга:

  • саноат мулки объектлари;
  • селекция ютуқлари;
  • интеграл микросхемалар топологиялари;
  • товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номларига нисбатан қабул қилинган қарорлар юзасидан апелляцияларни;

 

иккинчидан, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг:

  • саноат мулки объектларига патент берилиши;
  • селекция ютуқларига патент берилиши;
  • интеграл микросхемалар топологияларининг рўйхатдан ўтказилиши;
  • саноат мулки объектларига ва селекция ютуқларига берилган патентларнинг ҳақиқийлиги;
  • товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товарнинг келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқийлиги;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгининг халқаро рўйхатдан ўтказилишининг амал қилиши юзасидан апелляцияларини;

 

учинчидан, қуйидагиларнинг:

  • интеграл микросхемалар топологияларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаларнинг;
  • товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгиларига, товар келиб чиққан жой номларидан фойдаланиш ҳуқуқига берилган гувоҳномаларнинг амал қилиши тугатилиши юзасидан апелляцияларини;

 

тўртинчидан, товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилиши бекор қилиниши юзасидан апелляцияларни.

 

Шунингдек, Апелляция кенгаши Ўзбекистонда ҳаммага маълум товар белгилари деб эътироф этиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқади.

 

Апелляция кенгаши таркиби раис, унинг ўринбосари, кенгаш аъзолари ва котибдан иборат таркибда тасдиқланади.  Кенгаш таркибига вазирлик ва Агентликнинг малакали ва тажрибали ходимлари, шунингдек, интеллектуал мулк соҳасидаги мустақил олимлар ва мутахассислар киритилади.  Бунда Адлия вазирлиги ва Агентликнинг Кенгаш таркибидаги ходимлари сони умумий аъзолари сонининг 30%идан ошмаслиги лозим. Котиб Кенгашда ишларни юритади, бироқ қарорлар қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Агентлик Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади, у апелляция ва аризаларни қабул қилади, мажлисларни ташкилий таъминлайди, Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар бўйича зарур материалларни тайёрлайди, манфаатдор шахсларга унинг қарорларини юборади, шунингдек ҳужжатлар бут сақланишини таъминлайди.

 

Кенгаш мажлиси заруриятга кўра раис ёки унинг ўринбосари томонидан чақирилади ва аъзоларининг умумий сонининг 2/3 аъзоси иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

 

Мажлисда апелляция ёки ариза берган шахс ёки унинг вакили, бошқа манфаатдор юридик ёки жисмоний шахслар қатнашишга ҳақлидирлар. Улар мажлис бўлишидан камида 10 кун олдин мажлис ўтказиладиган жой, сана ва вақт тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиниши керак. Интеллектуал мулк объектига ҳуқуқий муҳофаза бериш тўғрисидаги талабномани кўриб чиқишда ва унинг бўйича экспертиза ўтказишда иштирок этган Кенгаш аъзолари мажлисда қатнашиши мумкин эмас.

 

Кенгашнинг ташаббусига кўра ёки манфаатдор шахслар илтимосномаси билан мажлиснинг аудио- ёки видеоёзуви олиб борилиши мумкин, иштирокчилар бу ҳақда огоҳлантирилади. Қўшимча материаллар ва маълумотлар зарур бўлган тақдирда улар Кенгаш белгилаган муддатларда манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилиши керак.  Зарур ҳолларда Кенгаш мажлиси тўхтатиб турилиши ва бошқа кунга кўчирилиши ёки қисман ёхуд бутунлай тўхтатилиши мумкин.

 

Кўриб чиқиш натижалари бўйича Кенгаш қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

  • апелляцияни ёки аризани қаноатлантириш;
  • апелляцияни ёки аризани қисман қаноатлантириш;
  • апелляцияни ёки аризани қаноатлантиришни рад этиш.

 

Кенгашнинг қарори апелляция ёки ариза моҳиятини кўриб чиқиш тугагандан сўнг кенгаш аъзоларининг ёпиқ йиғилиши натижаси бўйича кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Кенгаш аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмаслар. Кенгаш раиси энг охирида овоз беради. Кенгашнинг қарори Адлия вазирлигининг муҳри билан тасдиқланади.

 

Кенгаш қарори юзасидан қарор қабул қилинган санадан бошлаб 6 ой мобайнида судга шикоят қилиниши мумкин. Қарор 10 иш куни мобайнида апелляция ёки ариза берган шахсларга, бошқа манфаатдор шахсларга Агентлик томонидан юборилади, унинг расмий нашрида ва веб-сайтида эълон қилинади.

 

Апелляция кенгашида ишлар кўриб чиқилганлиги учун патент божлари ундирилади, улар Агентликнинг ҳисоб рақамларига тўланади. Апелляция кенгаши аъзолари - жалб қилинган мустақил олимлар ва мутахассислар хизматларига улар билан тузилган шартномалар асосида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Анвар Иркаходжаев.