Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzТри сценария для оборудования, импортированного без НДС: налоговые последствия при продаже, аренде и использовании Что изменится в Узбекистане в декабре 2024 года Какая ответственность наступает за разные виды нарушений Что должны содержать чеки продажи и возврата

Хусусий тиббиёт муассасалари учун туғруқни қабул қилишга рухсат беришди

11.11.2019

Читать на русском языке

 

Президент 8 ноябрь куни репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

 

Хусусий тиббиёт ташкилотлари учун туғруқни қабул қилиш бўйича амал қилиб келган тақиқ бекор қилинди. Бунда хусусий тиббиёт муассасалари:

  • улар ЖССТнинг “Хавфсиз оналик” стратегияси талабларига риоя этилишини таъминлай олишлари;
  • уларда туғруқ ва жонлантириш бўлимлари, шунингдек чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника, бактериологик ва клиник-биокимё лабораториялари ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлиши;
  • соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастурини доимий юритиш шарти билан туғруқни қабул қилиши мумкин.

 

Айтиш жоизки, электрон маълумотлар алмашинуви дастурини 2020 йил 1 мартга қадар такомиллаштиришади. Унга хусусий тиббиёт муассасалари уланади ҳамда соғлиқни сақлаш комплекс ахборот тизимига интеграция қилинади, ЖССТ томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тавсия қилинган ҳисобот шаклларини эса реал вақт режимида тўлдириш мумкин. Дастур 2020 йил 1 июлдан бошлаб мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча туғруқни қабул қилиш муассасаларида мажбурий ҳисобланади.

 

Қорақалпоғистон Республикасида ҳомиладор аёллар ва гўдакларга кўрсатилаётган перинатал ёрдам сифати ва оммабоплигини ошириш лойиҳаси маъқулланди. У Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг молиявий кўмагида амалга оширилади. Мазкур лойиҳа доирасида кириб келаётган дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техникага нисбатан уларни давлат реестрига киритмасдан ва ўрнатилган йиғимларни ундирмаган ҳолда бир марталик давлат рўйхатига олинади ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилади,  шунингдек, Ўзбекистондан ташқарида амалга оширилган дори воситаларини рўйхатга олиш натижалари тан олинади.

 

2020 йил 1 мартга қадар вилоятлар ва пойтахтда аёллар ва гўдакларга кўрсатилаётган перинатал ёрдам тизимини чуқур таҳлил қилиб, унинг сифати ва оммабоплигини ошириш бўйича ҳудудий лойиҳалар ишлаб чиқилади. Асосий мақсад – перинатал ёрдам сифатини ошириш, тиббиёт муассасалари инфратузилмаси, уларнинг тиббий ускуналар билан жиҳозланганлик даражасини ЖССТ стандартларига мувофиқлаштириш. Ҳудудий лойиҳалар ҳар бир ҳудуднинг индивидуал хусусиятлари, шу жумладан, унинг географик жойлашувини аҳоли соғлиғига таъсири, оналар ва болалар касалланиши ҳамда ўлими даражаси, тиббиёт муассасаларининг жиҳозланганлиги, кадрлар салоҳияти ва аҳолининг тиббий саводхонлигини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

 

Бундан ташқари, ҳужжатга асосан қуйидагилар ташкил этилмоқда:

  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш кенгаши. Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ва чора-тадбирларнинг ижроси бўйича ҳар чоракда Ҳукуматга таклифлар киритиб боради. Вазирлик ва идоралар Кенгашга ўз ваколатлари доирасида ҳар томонлама кўмак берадилар ҳамда сўралган зарур маълумотларни тақдим этиб борадилар;
  • Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ҳудудида давлат тиббиёт муассасаси шаклида Республика ихтисослаштирилган болалар хирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази;
  • Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази негизида давлат тиббиёт муассасаси шаклида Республика болалар тиббий реабилитация маркази;
  • Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ёрдамчи репродуктив технологиялар маркази;
  • туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида (уларнинг педиатрик ўринлар фонди ва штат бирликлари негизида) болалар анестезиология-реанимация ва интенсив терапия бўлимлари ҳамда бемор болаларга туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи навбатчи шифокор постлари.

 

Олег Заманов.